Шу кунларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашув жараёнини тезлаштириш ҳамда спортга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида ташкил этилган “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилмоқда.
Мусобақанинг Навоий вилояти босқичи дўстона муҳитда ўтди. Ҳар бир иштирокчи ғалаба учун астойдил ҳаракат қилди ва ўз жисмоний имкониятларини синовдан ўтказди унда 3 минг нафарга яқин фуқаролар қатнашиб, адаптив спортнинг 10 дан ортиқ тури бўйича ўзаро баҳслашди.

Навоий шаҳридаги "Кимёгар" ўйингоҳида бўлиб ўтган тадбирда 13 та спорт тури бўйича фахрли ўринларни қўлга киритган параспортчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Сирдарё вилоят босқичи Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Унда шоҳсупага кўтарилган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Дарвоқе, оммавий спорт мусобақаларининг вилоят босқичида ғолиб бўлганлар Республика босқичига йўл олиб, ўз вилоятлари шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Шунингдек, “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларининг Наманган, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий саралаш босқичлари давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА