Олий Мажлис Сенатига БМТ Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, БМТ Ёшлар бюроси раҳбари Фелипе Паульер ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, ёшлар парламентлари ўртасида халқаро мулоқотни кучайтириш, экология, сунъий интеллект ва рақамли таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2026 йилда Самарқанд шаҳрида Ёш парламент аъзоларининг халқаро форумини юқори савияда ташкил этиш борасида ҳамкорлик қилиш ҳамда унда БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ёрдамчиси муҳим ташаббуслар билан иштирок этишга таклиф этилди.
Учрашувда БМТ “Ёшлар – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, унинг доирасида ёшларга оид масалаларни илгари суришдаги устуворликлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги асосий йўналишлар, туб ислоҳотлар ва амалий натижаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, мамлакат аҳолиси таркибида ёшларнинг улуши 55 фоиздан ошганини инобатга олиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани таъкидланди.
Дўстона руҳда кечган мулоқот якунида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА