Миллий қадриятларимиз
Нурота тоғ тизмаларининг офтобрўй томонида ёз фасли эртароқ бошланади. Гарчи тақвим бўйича май ойи баҳор ҳисобланса-да, бу ерда ёз нафаси барвақт кеза бошлайди.Машҳур достончи бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган анжуман кунларида ҳам шундай бўлди. Офтоб эрталабданоқ қиздира бошлади. “Жўш” маҳалла фуқаролар йиғини марказидаги дам олиш ва истироҳат боғида ташкил этилган анжуман доирасидаги “Миллий қадриятлар ва миллий таомлар” кўргазмасига қизиқиш катталиги боис ташриф буюрган меҳмонларнинг кети узилмади. Мезбонларнинг саъй-ҳаракати боис боғ чинакам очиқ осмон остидаги музейга айланган эди. Турнақатор ўтовлар, чодирлар, тандиру ўчоқлар, турли-туман асори-атиқалар. Хуллас, ўзингизни мозийга кириб қолгандек ҳис қиласиз. Дастурхонлардаги таомлар ҳам ғалатироқ: ё илгари кўрмагансиз, ё дабдурустдан номини эслай олмайсиз.
Шундай таомлардан бири ёнида турган икки ёшдан сўрадим:
–Мана бу таомнинг номини биласизларми?
–Нонпалов бўлса, керак,– деди бири иккиланиб. Ҳамроҳи эса елкасини қисди.
Шу онда ярқ этиб болалигим ёдимга тушди. Раҳматли онажоним ҳар гал нон пиширганда бизга ана шу таомни тайёрлар эдилар. Тандир оташидан бурқсиган юзлари, пешонасидаги шода-шода тер ва кўзлари чақнаб турган сиймоси хаёлимда бир зум жонланди. Ўшанда уйимиз тандирдан энди узилган, қизариб пишган, иштаҳани қитиқлайдиган нон ҳидига тўлиб кетарди. Онажоним таомни қандай тайёрлаганини эслай олмадим, аммо унинг мазаси эсимда қолган экан: оғзимнинг сўлаги қочди...
–Бунинг номи– янчимич,– деган сўзлардан ҳушимга келиб, хаёлимни йиғиштирдим. Рўпарамда кўҳликкина жувон жилмайиб, болалигимни ёдга солган таомни ликопчада тутиб турарди. Кўргазмадаги дастурхон соҳибаси Қўшработ туманидаги “Урганжи” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Шоира Мавлонова экан. У бизга янчимич тайёрлаш сирларини сўзлаб берди.
–Бу таом тандирдан янги узилган иссиқ нонлардан тайёрланади,–деди у аллақандай ҳаяжон билан.– Бир-иккита нон ёғоч товоқ ёки сирли тоғорага майдалаб ушатилади. Кейин устига бир пишим (400–450 грамм) қиздирилмаган сариёғ солинади ва аралаштирилиб, қўл билан чангаллаб, обдон мижғиланади. Бунда яхши пишган нон мағзи бир бирига ёпишиб қолмайди, аксинча увоқ-увоқ ҳолатга келади. Сўнгра идиш қалин мато билан 20-30 дақиқа ўраб қўйилади. Ана шунда ноннинг қаттиқ бўлаклари ҳам юмшайди ва тановулга тайёр бўлади.
Янчимичнинг мазасига гап йўқ. Нонга сариёғ суриб ейишни хуш кўрувчилар ҳам бунга тан бериши тайин. Мабодо, ёнимизда Насриддин Афанди бўлганди эди, шубҳасиз, “Бу таомни емабсиз–дунёга келмабсиз”, деган бўларди.
Норбобо Шакаров, ЎзА