Хабар берганимиздек, Рақамли технологиялар вазирлиги делегациясининг Японияга ташрифи доирасида бир нечта IT компаниялар билан ҳамкорлик келишувларига эришилди.
Учрашувларда икки мамлакат учун ҳам IT соҳасини янада ривожлантиришда манфаатли бўладиган лойиҳалар муҳокама қилинди. Айниқса, АКТ соҳасидаги иқтидорли ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш, соҳага янада қизиқтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ташриф давомида эришилган янгиликлардан яна бири Токио марказида IT Park Ўзбекистоннинг вакиллик офисининг очилиши бўлди. Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Япония ўртасида IT соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Мутахассисларнинг маълумот беришича, вакиллик офисини очишдан асосий мақсад — Япония компаниялари билан IT аутсорсинг, инвестиция ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, IT Parkнинг имкониятлари ҳақида тўғридан-тўғри маълумот бериш ҳамда Япония бозоридаги бизнес ҳамкорлар учун ишончли алоқа нуқтасини яратишдан иборат.

Маросим доирасида IT Parkнинг Япония бозоридаги режалари, IT хизматлари, солиқ имтиёзлари ва кадрлар тайёрлаш дастурлари ҳақида тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, IT Park ҳамда “Digital Knowledge” компанияси ўртасида вакиллик офисининг фаолиятини биргаликда йўлга қўйиш, Япония компаниялари билан боғланиш ва уларни Ўзбекистоннинг IT бозорига жалб қилиш борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

IT Parkнинг Токио шаҳридаги вакиллик офиси Япония компаниялари учун ишончли алоқа нуқтаси, резидент компаниялар учун эса янги ҳамкорлик эшиги вазифасини бажаради. Ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги IT, таълим ва инновация соҳаларидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА