Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ҳожакбар Тўлаганов 2025 йилнинг биринчи чорагида жамият ва унинг тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, ҳисобот даврида “Ўзкимёсаноат” АЖнинг ижро аппарати, “Навоиазот”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Максам-Чирчиқ”, “Аммофос-Максам”, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖлари ҳамда “Қизилқум фосфорит комплекси” ва “Ўзкимёимпекс” МЧЖларида комплаенс назорат ва коррупцион ҳолатлар олдини олиш ишлари ташкил этилди.
Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш дастури, чора-тадбирлар режаси, янги ишга қабул қилинган ходимлар учун ўқув режалари ҳамда хавф-хатарларни баҳолашга оид йўл хариталари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, “E-Antikor.uz” электрон платформасига жорий йилнинг 3 ойида амалга оширилган ишлар 5 та йўналишдаги 29 та индикатор асосида киритилди. Шунингдек жамиятнинг 58 та функцияси бўйича коррупциявий хавф-хатарлар баҳоланди ва “E-Antikor.uz” платформасига жойлаштирилди. Хавф-хатарлар харитаси жамоатчиликка эълон қилинди.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг мазмунини тушунтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда семинар ташкил этилди.
– “Ўзкимёсаноат” АЖда 16 та, “Навоиазот” АЖда 29 та, “Деҳқонобод калий заводи”да 9 та, “Максам-Чирчиқ” АЖда 15 та, “Аммофос-Максам” АЖда 11 та, “Ўзкимёимпекс” МЧЖда 11 та – жами 91 та ички ҳужжат экспертизадан ўтказилди. Таҳлил натижасида 18 та ҳолатда коррупцион омиллар ошкор этилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Жамият ва тизим корхоналарида растрата, камомад, коррупция ва бошқа қонунбузарликларга доир 15 та ҳолат аниқланиб, тегишли расмийлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, тендерлар ва шартномалар бўйича жами 562 та ҳолатда контрагентлар ўрганилиб, 3 та ҳолатда тендер ва шартномалар бекор қилинди, 32 миллиард сўм маблағнинг ноқонуний сарфланиши олди олинди. Жисмоний ва юридик шахслардан жами 11 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 10 таси бўйича хизмат текшируви ўтказилди. Натижада 1 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди, 7 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди. Етказилган 140 миллион сўм зарарнинг 70 миллион сўми жамият ҳисобига ундирилиши таъминланди, қолган қисми юзасидан ундириш ишлари олиб борилмоқда, – деди Ҳ.Тўлаганов брифингда.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА