Қонун лойиҳасига шарҳ
Юртимизда вояга етмаган болаларга ноқонуний диний сабоқ бериш ҳолатлари йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Хусусан, айни вақтда ижтимоий тармоқлар орқали виртуал диний таълим бериш ҳолатлари кўпаймоқда.
Бунга сабаб ноқонуний диний таълим бериш фаолияти юқори даромад олиб келади. Шунингдек, қонунчиликда ноқонуний диний таълим берганлик учун белгиланган жазо чоралари енгил. Бу эса ҳуқуқбузарлар томонидан ушбу турдаги ҳуқуқбузарликни такроран содир этиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда. Яъни, ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланилган жазо чораси содир этилган қилмишга нисбатан енгиллиги такроран содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш, болаларнинг ҳар томонлама камол топиши ва фаровонлиги учун барча шароитларни яратиш мақсадида Жиноят кодексига уларнинг билим олиш ҳуқуқини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча киритилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229/2-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни масалага қаратилган.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси ҳақида депутат Абдулло Аслонов қуйидагиларни қайд этди:
— Вояга етмаган болаларга ноқонуний диний сабоқ бериш ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳар биримизни ташвишлантиради. Маълумотларга кўра, охирги 5 йилда 13 мингга яқин бола ноқонуний диний таълим олган. Уларга асосан “ҳужра”ларда, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали, чет тилларини ўргатиш ниқоби остида очилган тил ўргатиш марказларида диний таълим берилганлиги аниқланган.
Жиноят кодексининг 229/²-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, махсус диний маълумоти бўлмай туриб ёки хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу тартибдаги ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Ушбу нормалар бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада мустаҳкамланишига, жамиятда соғлом муҳитни таъминлашга, болаларнинг ҳар томонлама ривожланишини қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА