«Postda – На посту» газетаси 95 ёшда!
Бугун мамлакатимизда тезкор ўзгаришлар, туб янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар миллий медиа соҳасида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Ҳозирги матбуотни бундан саккиз йиллар аввалгиси билан ҳатто солиштириб ҳам бўлмайди. Зеро, наинки мамлакатимиз, балки жаҳоннинг турли бурчакларида юз бераётган воқеа ва ҳодисалар ўша заҳотиёқ оммавий ахборот воситаларида ўз аксини топмоқда. Кенг жамоатчиликнинг муносабату муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририятининг «Postda – На посту» газетаси мамлакатимиз босма оммавий ахборот воситалари орасида энг пешқадам, замон билан ҳамнафас, одамларнинг кайфияти, мамлакатимизда кечаётган туб ислоҳотларни аниқ тезкор, ўз вақтида, холис ва ҳаққоний ёритиб келаётган босма нашрлардан саналади.
Бундан 95 йил муқаддам мазкур газетанинг илк сони ҳамюртларимиз қўлига етиб борган эди. Яна ҳам аниқроғи – 1930 йил 12 май куни ушбу босма оммавий ахборот воситасининг илк сони нашрдан чиққан эди.
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини устувор билиш, уни ҳимоялаш, фуқароларнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини энг олий қадрият билиш ушбу газетада нашр этилаётган таҳлилий мақола ва тезкор репортажлар, очерк ва лавҳаларда, соҳа вакиллари билан суҳбат, интервью, хабарларда муҳим ўрин эгаллайди.
Нашрнинг ҳар бир номери ранг-баранг, бир-биридан долзарб, бугунги кунда етилиб турган материалларга бойлиги билан аҳамиятлидир. Шу сабабли газета ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилинади.
Кейинги йиллар давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ички ишлар тизимида замон билан ҳамқадам тарзда фаолият олиб борадиган, юксак касбий малака ва маҳоратга эга, кучли билим ва салоҳият соҳиби бўлган кадрларни тайёрлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Соҳадаги ижобий ўзгаришлар «Postda–На посту» газетасининг саҳифаларида ҳам ўзининг яққол ифодасини топаётгани эътиборга моликдир. “Инсон қадри азиз”, “Пойтахтнинг ҳушёр ходимлари”, “Юрт корига камарбаста ўғлонлар”, “ИИБ ҳарбий тузилмалари: маҳорат ошириш, тажриба алмашиш” каби кўплаб бош мақолаларида айни ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти теран ва таҳлилий тарзда, оддий ва самимий тарзда очиб берилгани диққатга сазовордир.
Одамлар ҳаётига таҳдид солаётган турли жиноятларни фош этиш, ҳамюртларимизнинг огоҳлиги ва ҳушёрлигини мудом ошириш, уларни ўз тақдири, фарзандлари келажагига бефарқ бўлмасликка даъват этишда мазкур газетада мунтазам тарзда ёритилиб борилаётган тезкор хабарлар, очерклар ғоят катта аҳамият касб этади. Одам савдосининг олдини олиш, тобора авж олиб бораётган кибержиноятчиликка қарши курашишга оид амалий чора-тадбирлар, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ўғрилик, фирибгарлик, товламачиликка барҳам бериш борасидаги материалларнинг мунтазам ёритилиши газетани янада мазмунли бўлишини таъминламоқда.
Маҳаллаларда хавфсиз ва осойишта муҳитни яратиш, турли ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф этиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги амалий ишларга оид репортажлар ички ишлар соҳаси ходимларининг давр билан ҳамнафас фаолият олиб бораётганидан дарак беради. Соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар ҳолидан хабар олиш, уларни йўқлаш, кўнглини кўтариш, ҳар жиҳатдан рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга доир мақолалар ички ишлар тизимида узоқ ва самарали меҳнат қилган фидойи фахрий ходимлар мудом эъзоз ва эътиборда эканини англатади.
Газета наинки ички ишлар соҳаси, балки жамият ҳаётининг турли жабҳалари, маънавият ва маърифат, маданият ва бошқа соҳаларни қамраб олган қизиқарли мақолаларни ўқувчиларга тақдим этаётгани эътиборга моликдир.
Бугунги кунда миллий журналистикада ижодий ходимларнинг ихтисослашуви ғоят муҳим экани Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририятининг «Postda–На посту» газетаси саҳифаларида чоп этилаётган долзарб, ўткир мавзулардаги таҳлилий ва теран мақолаларда ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Зеро, нашр саҳифаларидаги материалларни айнан ҳуқуқ-тартибот соҳасига ихтисослашган юқори билим ва малакага, катта ижодий тажрибага эга журналистлар, фоторепортёрлар тайёрлаётгани унинг сифати ва савияси янада юксак бўлишини таъминлашда асосий омилдир.
Ҳа, газетанинг шиддатли замон билан ҳамнафас, ҳамқадам эканида албатта, унда кунларни тунларга улаб меҳнат қилаётган юқори профессионал ижодий жамоанинг ғоят заҳматли ва ибратли меҳнатлари мужассам. Ўзининг камтарин ижоди, ўткир қалами, ёрқин фотосуратлари билан юртимиз тинчлиги ва осойишталигига муносиб ҳисса қўшаётган Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририятининг «Postda–На посту» газетаси жамоасига янгидан-янги ижодий зафарлар, бундан-да юксак марраларни тилаб қоламиз!
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири