Давлатимиз раҳбари 1- 2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида фаоллар билан ўтказилган учрашувда Хоразмда ички авиақатновлар фақатгина иккита авиакомпания томонидан амалга оширилаётганини таъкидлаб, бу борада жозибадорликни ошириш, бошқа хусусий компанияларни ҳам жалб қилган ҳолда маҳаллий қатновларда рақобат яратиш бўйича топшириқлар берган эди.
Қисқа фурсатда янга режа ва лойиҳалар амалиётга жорий этила бошланди.
Куни кеча Урганч халқаро аеропортида "Сentrum Аir" авиакомпанияси томонидан Тошкент–Урганч йўналишида янги йўловчи қатнови йўлга қўйилди. Бу нафақат техник янгилик, балки туризмни ривожлантириш йўлида ташланган навбатдаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур авиарейснинг йўлга қўйилиши — Президентимиз томонидан илгари сурилган ҳудудий туризмни ривожлантириш стратегиясининг амалдаги ифодасидир. Хусусан, “2022–2026-йилларда Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантириш стратегияси”да белгиланган устувор йўналишлардан бири сифатида аэропорт инфратузилмасини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилган еди. Бугун эса бу вазифалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Янги рейс — замонавий “Airbus А 330” бортида амалга оширилди. Парвознинг илк йўловчилари орасида хорижлик сайёҳлар, республиканинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар, фотограф ва журналистлар бор. Самолёт Хоразм анъаналарига хос тарзда – карнай-сурнай садолари, ўзбекона нон-туз, кўтаринки кайфият билан кутиб олинди. Бу қадимий Хоразм заминининг меҳмондўстлиги ва қадриятлари тимсолидир.
– Бугун биз кенг фузильяжли 347 ўриндиққа эга бўлган “Airbus А 330” самолётимизнинг илк парвозини Урганчга амалга оширдик, – дейди "Сentrum Аir" компаниясининг маркетинг бўйича директори Осинцев Андрей. – Борт йўловчилар билан тўлиқ ҳолда учиб етиб келди. Парвоз ва хизмат кўрсатиш йўловчиларга ёқди, деган умиддаман. Чуки ҳамманинг кайфияти яхши ва кўтаринки бўлди.
Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш бўйича Жанубий Кореянинг “Инчеон” компанияси билан ҳамкорликда ишлар бошланган. Бу ташаббус орқали халқаро стандартларга жавоб берадиган хизмат турларини жорий етиш, ташқи туристлар оқимини кўпайтириш, энг асосийси, Хоразм вилоятини глобал туристик харитада янада кўзга кўринган ҳудудга айлантириш мақсад қилинган.
– Янги авиақатновлар нафақат туризм соҳасига, балки бизнес алоқалар, ички миграция ва транспорт логистикасининг яхшиланишига ҳам хизмат қилади, – дейди вилоят транспорт бошқармаси бош мутахассиси Олланазар Собуров. – Шу билан бирга, компания рейслар сонини кўпайтириш ва бошқа йўналишларни ҳам босқичма-босқич ишга туширишни режалаштирмоқда. Транспорт соҳаси вакиллари ушбу янгиликни тизимли ривожланиш босқичи сифатида баҳоламоқда. Зеро, замонавий авиаташувлар ҳар бир минтақанинг жаҳон билан боғланишида ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Бу каби ташаббуслар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг жозибадор туристик манзилларидан бирига айлантириш йўлида қилинган муҳим қадамдир.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари