Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
— Мазкур қонун лойиҳаси парламентдаги мухолифатнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган, — деди депутат Н.Умаров. — Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзини парламентдаги мухолифат, деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳаси, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” доирасида ҳамда парламент сўровини юбориш тўғрисида камида битта масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
[gallery-23320]
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Депутатлар берган таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, улар асосида ҳужжат матни маромига етказилди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши парламентда турли қарашлар, фикрлар хилма-хиллигини кучайтириб, унинг ғоялар генераторига айланишида муҳим омил бўлади, — деди маърузачи.
Моддама-модда муҳокамаларда бир қатор таклифлар билдирилди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА