Ватанимиз тарихидаги 13 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1374 йил (бундан 651 йил олдин) – тарихчи олим, академик Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, Амир Темурнинг ўн саккиз ёшли тўнғич ўғли Муҳаммад Жаҳонгир ва хоразмшоҳ Ҳусайн Сўфининг қизи Хонзодабегим (Севин бека)нинг никоҳ тўйи бўлди. Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг қайд этишича: “Хонзода Ҳазрати Олийларини Хоразмдан олиб келиб амирзода Муҳаммад Жаҳонгир ибн амир Темур кўрагонга эрга бердилар. Амир соҳибқирон Конигилда шу вақтгача ҳеч ким кўрмаган тўй қилишни буюрди.”
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Жаҳонгир Мирзо ва Хонзодабегимнинг никоҳидан Муҳаммад Султон Мирзо туғилган. 1376 йилда Жаҳонгир Мирзо вафотидан сўнг, орадан етти йил ўтгач, Хонзодабегим Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ никоҳига кирган. Мироншохдан Халил Султон Мирзо дунёга келган. Хонзодабегим ўткир зеҳнли, ақл-фаросатли ҳамда тадбиркорлиги туфайли Амир Темур эътиборини қозонган.
1456 йил (бундан 569 йил олдин) – ҳижрий 860 йил жумодалохир ойининг еттинчисида, чоршанба куни (милодий 1456 йил 13 майда) нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, Абдураҳмон Жомийнинг пири Саъдиддин Кошғарий вафот этди.
1893 йил (бундан 132 йил олдин) – Тошкент шаҳар Думасинииг 14-мажлисида Эски шаҳар ҳудудидаги айрим катта кўчаларга маҳаллий аҳоли томонидан берилган номлар тасдиқланди. Мазкур дума мажлиси баёнида “Кўча номларини ёзма равишда қонунлаштириш лозим”, деб ёзилган эди.
Тарихчи Хайрия Бўриеванинг қайд этишича, Думанинг мазкур қарорида кўчаларнинг тасдиқланган номлари узунлиги 16 вершок, кенглиги 4 вершок ўлчамли, мовий рангга бўялган тунукачаларга рус ва ўзбек тилларида ёзилиб, кўчаларга илиб қўйилиши лозим бўлган. Қабул қилинган қарорга кўра, 18 та кўчанинг номи расмий тасдиқланган.
1913 йил (бундан 112 йил олдин) – Бухоро ҳукумати номидан қўшбеги Мирза Насруллабий билан Россия темир йўллар муҳандиси Н.А.Ковалевский ўртасида келишув битими имзоланди. Битимда Қарши-Карки-Термиз темир йўли йўналишини Когондан Шаҳрисабзгача етказишга Н.А.Ковалевскийнинг раҳбарлик қилишига рухсат берилганлиги, у Россия императорининг қарорига ва Бухоро амирининг рухсатига биноан бошқа темир йўл жамиятлари каби ҳуқуққа эга бўлган жамиятни шакллантириши мумкинлиги кўрсатилган.
Тадқиқотчи Ф.Амонованинг ёзишича, Бухоро қўшбегиси ва Н.А.Ковалевский ўртасида тузилган концессиянинг муддати 81 йил, темир йўл қурилиш муддати 3 йил бўлиб, 1913 йил 13 июлда Давлат департаменти томонидан Бухоро темир йўлининг низоми тасдиқланган. Шуниси қизиқки, Америка Қўшма Штатлари Биринчи жаҳон уруши даврида Ўрта Осиёда ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро темир йўли қурилишини молиялаштиришда иштирок этган.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистол Республикаси ҳукуматининг 243-рақамли буйруғи билан Туркистон уламолари жамияти ҳисобланган “Шўрои уламо” (“Уламолар кенгаши”) ташкилоти ва унинг нашри бўлган “Ал-Изоҳ” журнали фаолияти тўхтатилди. Ташкилотнинг мол-мулки совет ҳукумати фойдасига мусодара қилинди.
1942 йил (бундан 83 йил олдин) – Икки марта Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган учувчи-космонавт, авиация генерал майори Владимир Жонибеков таваллуд топди. Владимир Жонибеков ўзининг космосга қилган беш парвози мобайнида космосда 145 кун 15 соат 58 дақиқа 29 сония бўлган. Помир-Олой тоғларидаги мутлақ баландлиги 4912 метр бўлган чўққи 1985 йилда “Владимир Жонибеков чўққиси” деб аталган.
1952 йил (бундан 73 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан республика Санитария-эпидемия станцияси (СЭС) ташкил этилди. Шу қарор асосида республика вилоятларида ҳам СЭСлар мустақил соҳа сифатида фаолият кўрсата бошлади.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент молия институтини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”, “Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг Истанбулда бўлиб ўтган 40-сессиясида Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази Хавф остидаги жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Қўмита аъзолари бунга асос сифатида шаҳар тарихий маркази яқинида замонавий бино ва иншоотларнинг, жумладан, меҳмонхоналар қурилишининг ва сайёҳлик инфратузилмасининг ҳаддан ташқари ривожлантирилиши деб кўрсатди. Бироқ қўмита аъзоларининг барчаси ҳам бу қарорни қўллаб-қувватламади ва ЮНЕСКО ҳузуридаги Бутунжаҳон мероси маркази ҳамда Халқаро тарихий ёдгорликлар ва шаҳарларни муҳофаза қилиш Кенгаши (ICOMOS) ўзаро ҳамкорликда Шаҳрисабзга миссия уюштиришни таклиф қилди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА