Маълумки, мамлакатимизда 2021 йил 1 июндан бошлаб маҳаллий авиақатновларни субсидиялаш йўлга қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 майдаги “Минтақавий авиаташувларни ва ички туризмни янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, маҳаллий авиақатновларни амалга оширувчи барча резидент авиакомпанияларга субсидия ажратилади ва бу 2026 йил 1 январгача давом етади.
Қарорга кўра, авиачипталар нархлари ҳамда субсидияланадиган авиақатнов йўналишларини субсидиялаш миқдорини белгилаш бўйича махсус комиссия таркиби қайта тасдиқланди.
Маҳаллий йўналишлардаги авиақатновларга “Uzbekistan Airways” АЖ учун белгиланган махсус тарифлар ва субсидия миқдорлари барча резидент авиакомпанияларга татбиқ етишга розилик берилди.
Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, шу муносабат билан барча резидент авиакомпаниялар Махсус комиссия томонидан белгиланган маҳаллий йўналишлар ва тарифлар доирасида авиачипта сотишни йўлга қўйиш ҳамда ҳар ой якуни бўйича вазирликнинг 2021 йил 14 октябрдаги 188-сон буйруғи билан тасдиқланган жадвал шаклида Транспорт вазирлигига субсидиялаш учун аризалар киритилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА