Бугун, 13 май куни футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг 3-турига старт берилади. Унда “H” ва “B” гуруҳларидан ўрин олган жамоалар ўзаро рақобатлашади.
Мазкур турнинг “H” гуруҳида “Пахтакор” – “Насаф” ва ОКМК – “Навоий ФА” учрашувлари ўтказилади. Ўтган икки тур натижасига кўра, “Пахтакор” 6 очко билан гуруҳ пешқадами сифатида кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритган бўлса, “Насаф” ва бир хил 3 очко тўплаб кучли учликдан ўрин олган ва ушбу жамоаларда кейинги босқичга чиқиш масаласи бугунги ўйинлар натижасига боғлиқ бўлиб турибди. “Навоий ФА” икки ўйинда мағлуб бўлган ҳолда мусобақа билан хайрлашган.

Ушбу гуруҳдаги марказий учрашув “Пахтакор” – “Насаф” жамоаларининг баҳси эканига шубҳа йўқ. Сабаби, Суперлигада муваффақиятсиз иштирок этаётган пойтахтимиз клуби мамлакат кубогида ғалабали одимламоқда. Қолаверса, лигадаги сўнгги ўйинда “Бухоро” клубини 6:0 ҳисобида енгиб, мухлисларини қувонтирди. Шу боис ҳам бугунги учрашувда кейинги босқичга чиққан бўлса-да, “Пахтакор” мухлисларини ранжитишни истамайди. Бироқ “Насаф” учун "Жар" стадионида ўтадиган бу ўйинда фақат йирик ҳисобдаги ғалаба керак. Акс ҳолда мамлакат кубоги билан хайрлашади.
Шу ўринда бу икки клубнинг мамлакат кубоги доирасида ўтказган ўзаро ўйинлари ҳақида тўхталиб ўтсак.
Жамоалар Ўзбекистон кубогида жами 18 марта тўқнаш келган. Уларнинг 7 тасида “Пахтакор” ғалаба қозонган бўлса, 5 та баҳсда дуранг қайд этилган ва 6 ўйинда “Насаф” ғолиб бўлган. Тўплар нисбати 28/21 Тошкент клуби фойдасига. Шунингдек, Кубок плей-офф босқичларидаги 8 тўқнашувнинг 5 тасида “Пахтакор”, 3 тасида эса "Насаф" навбатдаги босқичга йўл олган. Яна уч баҳс финал ўйинида кузатилиб, уларнинг иккитасида пойтахт жамоаси, яна бирида Қарши шаҳри клуби ғолиб чиққан.
Энди эса “B” гуруҳидаги учрашувлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз. Ушбу гуруҳда сўнгги тур ўйинларида “Андижон” – “Динамо” ва “Сурхон” – “Лочин” жамоалари беллашади.
Айни дамда мазкур гуруҳда “Динамо” 6 очко билан карвонбошилик қилаётган бўлса, “Сурхон” ва “Лочин” жамоалари 3 очко билан 2-3-ўриндан жой олган. Амалдаги кубок соҳиби “Андижон” икки мағлубиятдан сўнг, сўнгги поғонада қолиб кетмоқда.
Бугунги учрашувларнинг “Андижон” – “Динамо” жамоалари баҳси натижаси аслида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Лекин “Сурхон” – “Лочин” учрашуви кескин ва муросасиз ўтишига шубҳа йўқ. Бу ўйинда ғолиб жамоа тўғридан-тўғри кубокнинг навбатдаги босқичига, агарда учрашув дуранг билан якунига етса, голлар нисбатига кўра, “Сурхон” гуруҳда иккинчи ўрин соҳиби сифатида кейинги босқичга йўл олади.
Маълумот ўрнида: 21 май санасида Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичи ўйинлари якунига етади. Спорт принципларига амал қилинган ҳолда гуруҳлардаги сўнгги тур беллашувлари бир вақтда старт олади.
Июнь ойининг иккинчи ярмида 1/8 финал ўйинлари ўтказилади. Мазкур босқичга 23 май куни қуръа ташланади. Жараён жонли эфирда намойиш этилади. Шу куни Суперлига 11-тури "Андижон" — "Сурхон" ўйини билан старт олади. Режага кўра, қуръа айнан шу беллашув олдидан ўтказилади.
Дарвоқе, гуруҳни пешқадам сифатида якунлаган жамоа 1/8 финалдаги рақибини ўз майдонида қабул қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА