Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий қудрати оғир саноатининг қанчалик ривожланганига қараб белгиланганидек, ҳар қандай миллий адабиётнинг инсоният эстетик тафаккурига қўшган ҳиссаси ҳам ундаги романчиликнинг салмоғи билан тайин этилади. Чунки роман миллат бадиий тафаккурининг тараққиёт даражасини намоён этади.
Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада ёзувчи Саломат Вафонинг “Хоразм маликаси Дорова” романи, ”Дунёнинг сири” ва Туркияда чоп этилган “Унутилан кадин” китобларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Саломат Вафо асарлари, хусусан ҳикоялари тилининг равонлиги, бадиий зарофати, ўзига хос услуби билан китобхон эътиборини тортади. У айниқса ўзи туғилиб ўсган қадимий ва навқирон Хоразм замини, унинг санъатсевар, меҳнаткаш, иродаси метин қоядай мустаҳкам одамларини ўзгача меҳр билан тасвирлайди.
Бу ҳикоя ва романларнинг ичида юзлаб одамларнинг қалб чинқириқлари, руҳий ҳайқириқлари, ҳаётга бой мулоқотлари бор. Ёзувчи бирор саксовул ёки барҳанлар ҳақида гапирар экан, оддий шу ҳолатларда ҳам ўтмиш тафсилотларини кўрасиз, саксовуллар шунчаки бугунги эмас, Нажмиддин Куброми, Огаҳийнингми замонидан бугунги табиий борлиққа восила қилинганлигини ҳиссан англагандек бўласиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/KFg54Kl9_NY?si=1zjhUkkDnvIvAMMg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, И.Исматов ЎзА