Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда "Агросаноат соҳасида янги бозор механизмлари жорий этилганлиги муносабати билан ‘Давлат божи тўғрисида'ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасига мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги судларга мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектлар ҳамда иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан киритадиган ариза, шикоят ва даъволари бўйича давлат божини тўлашдан озод этилиши таклиф этилмоқда.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасида белгиланган нормалар мева-сабзавотчилик соҳасини қўллаб-қувватлашга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Агентликни давлат божи тўловидан озод этиш орқали тежаб қолинган маблағлар тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилади. Бу эса агросаноат субъектларининг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, ортиқча харажатларни камайтириш ва уларнинг фаолияти учун янада қулай ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА