Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) изчил фаолият юритмоқда.
2024 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони 23 минг 422 тани ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 25 фоизга ортган.
Жорий йилда ҳам Омбудсманга ҳуқуқлари бузилаётган фуқаролар мурожаатлари келиб турибди. Ҳар бир мурожаат тезкор равишда ўрганилиб, аниқланган муаммолар ҳал этилиши таъминланмоқда.
Жумладан, Жиззах шаҳридаги “Глобал қурилиш транс” масъулияти чекланган жамиятида ишлаган 13 нафар фуқаро иш ҳақининг бир қисми тўланмагани бўйича шикоят қилган. Омбудсманнинг минтақавий вакили томонидан тегишли органлар билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида фуқароларнинг тўланмай келган иш ҳақлари тўлиқ ундириб берилди.
Шунингдек, Андижон вилоятидаги хусусий иссиқлик таъминоти корхонасида фаолият юритган 100 нафар мавсумий ишчи февраль ва март ойлари учун ҳақ тўланмаганини билдирган. Омбудсман аралашувидан сўнг барча иш ҳақлари қисқа муддатда тўлаб берилди.
Фарғона шаҳри Қўштепа туманида яшовчи фуқаро турмуш ўртоғига ногиронлик белгиланиши ва тиббий ёрдам кўрсатилишида амалий кўмак сўраган. Омбудсманнинг вилоятдаги вакили ижтимоий ҳимоя органлари билан ҳамкорликда мурожаатни ўрганди. Натижада беморга 2-гуруҳ ногиронлик белгиланиб, у бепул дори-дармон ва тиббий хизматлар билан таъминланди.
Тошкент шаҳрида спорт залига кириши чекланган фуқаро мурожаати кўриб чиқилди. Унинг сўзларига кўра, соғлиги боис реабилитация мақсадида спорт машғулотларига муҳтож бўлган. Аммо мутасадди шахс томонидан у асоссиз равишда залга киритилмаган. Омбудсман вакили аралашувидан кейин фуқаронинг ҳуқуқи тикланди.
Н.Абдураимова, ЎзА