Ургут туманидаги Терсак маҳалласига “туризм қишлоғи” мақоми сертификати топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Туризм қўмитаси раиси У. Шодиев, Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари масъуллари иштирок этди.
[gallery-23291]
Терсак Тахти қорача довони ёқасида, тоғлар орасида жойлашган маҳалла. Тўрт қишлоқдан иборат маҳалланинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси кишини ўзига ром этади. Терсакка 2021 йилда туризм қишлоғи мақоми берилиб, ҳудуд инфратузилмаси яхшиланди, янги меҳмон уйлари ташкил этилди, ҳар бир хонадонда сайёҳларни қабул қилиш учун шароит яратилди. Бугунги кунда ҳудудда 32 та меҳмон уйи мавжуд. Ўтган йил 10 минг нафар хорижлик, 25 минг нафар маҳаллий сайёҳ келган. Жорий йилда ушбу рақамлар яна ҳам юқори бўлиши кутилмоқда. Бунинг учун сайёҳларга қулай шароит, уларнинг қишлоқда бўлиш вақтини узайтириш учун қўшимча имкониятлар яратилмоқда. Янги меҳмон уйлари, дам олиш масканлари фаолият бошламоқда.
Туризм қўмитаси раҳбари меҳмон уйларида бўлиб, улар фаолиятини такомиллаштириш, сайёҳлар учун қўшимча имконият ва қулайликлар яратиш юзасидан тавсиялар берди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари