Россия президенти Владимир Путин Украина ҳукумати билан тўғридан-тўғри тинчлик музокараларини бошлаш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда “France 24” нашри маълум қилмоқда.
Томонлар ўртасидаги мулоқот 15 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилиши мумкин.

Расмий Кремль ўз баёнотида Россия музокараларни “зиддиятни тўхтатиш йўлида реал имконият” деб баҳолади. Путин Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўған билан боғланиб, муҳокамалар учун Истанбулни воситачилик майдонига айлантиришни сўраган.
Украина раҳбари Владимир Зеленский РФнинг бу таклифини диққат билан кўриб чиқишини маълум қилди. Шунингдек, у 12 майдан бошлаб 30 кунлик шартсиз сулҳ эълон қилишни таклиф қилди. Украина томонининг позициясига кўра, ҳар қандай мулоқотдан олдин ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатиш зарур.

Зеленский сулҳни музокараларнинг бошланиши учун муҳим шарт деб атади ва Россиянинг муносабатини кутаётганини айтди.
Эътиборли жиҳати, Вашингтон бу ҳолатга тезкор муносабат билдирди. АҚШ президенти Дональд Трамп Украина томонини музокараларда қатнашишга ундади. У ушбу мулоқотни низони тугатиш учун “катта имконият” деб баҳоламоқда.
Ўз навбатида, Европа давлатлари ҳам тинчлик ташаббусини диққат билан кузатмоқда. Германия, Франция, Польша ва Буюк Британия раҳбарлари Россияни 30 кунлик шартсиз сулҳга чақирди. Агар Россия бу таклифни рад этса, ЕИ янги санкцияларни кўриб чиқишини билдирди.
Халқаро экспертлар фикрича, ушбу дипломатик ҳаракатлар уруш бошланганидан буён энг сезиларли ташаббус сифатида эътироф этилмоқда.
М.Сайфуллаев, ЎзА