Бугун Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон - Эрон бизнес форуми очилишида мамлакатимиз Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ислом Республикаси Биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф сўзга чиқди.
Бундай тадбирлар, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг янги қирраларини очишга ёрдам бериши қайд этилди.
Таъкидланганидек, ўзаро савдода барқарорлик кузатилмоқда. Хусусан, товар айирбошлаш миқдори 500 миллион долларга етди, қўшма корхоналар сони 210 дан ошди. Мавжуд захира чуқур таҳлил қилиниб, янги ўсиш нуқталари белгиланди, жами 1 миллиард долларлик лойиҳалар, савдо келишувлари шакллантирилди.

Ҳукуматимиз раҳбари ўз нутқида қатнашчилар эътиборини мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бизнес муҳитини яхшилаш, хорижий сармоядорларга қулай шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасига қаратди.

Жумладан, ўтган даврда ялпи ички маҳсулот 2 баробар ўсгани, яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ЯИМ илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлагани айтилди. Келгуси беш йилда ушбу кўрсаткични 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. 2025 йил биринчи чорак якуни бўйича мамлакатимиз иқтисодий ўсиш суръати 6,8 фоизни ташкил этди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 70 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағи ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди. 2030 йилга бориб “яшил” энергия манбаларининг энергетикадаги улушини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон минерал ресурслар ва ноёб фойдали қазилмаларнинг улкан захирасига эга бой мамлакат ҳисобланади. Бизнесни қўллаб-қувватлаш учун муҳим қарорлар қабул қилиниши натижасида юртимизда икки юздан зиёд лицензия ва рухсатномалар талаб қилиниши тартиби бекор қилинди, солиқ турлари 13 тадан 9 тага қисқартирилиб, айримлари икки баробар камайтирилди.

Валюта бозори либераллаштирилди ва даромадларни репатриация қилиш бўйича барча чекловлар олиб ташланди. Қўшилган қиймат солиғи баҳоси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Фойда солиғи фаолият турига қараб 5 фоиздан 15 фоизгача этиб белгиланди.
Қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритувчи корхоналар эса фойда солиғи тўлашдан буткул озод этилган.
Мамлакатимизда йилига 25 миллион тонна юқори сифатли мева-сабзавот етиштирилади. Йилига 2,5 миллиард долларлик мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.
Шунингдек, тадбирда мамлакатимиз дунёдаги кўплаб давлатлар билан имтиёзли савдо тизимига эгалиги маълум қилиниб, эронлик ишбилармонлар Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги саноат зоналари имкониятлардан кенг фойдаланишга таклиф этилди.
Ўзбекистон - Эрон бизнес форумида қатнашиш учун мамлакатимиздан 100 нафардан зиёд тадбиркорлар, вазирлик ва идоралар вакиллари ўзларининг турли йўналишдаги илғор таклиф ва ташаббуслари билан қатнашиб, “B2B” шаклида музокаралар олиб борди.
Б.Худойбердиев, ЎзА