Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳамда 2024 йил 24 июндаги “Иқлим ўзгаришига нисбатан барқарор агроэкотизимни яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга мослашувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига Жиззах вилоятида ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Жиззах вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Ҳар бир фуқаро учун – бир дарахт” тамойили асосида Жиззах воҳасида жорий йилнинг баҳорги кўчат экиш мавсумида вилоят бўйича жами 9 миллион 843 минг 500 туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилиши белгиланган эди.

Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Ахборот хизматининг берган маълумотига кўра, шаҳар ва туман ҳокимлиги штабларининг электрон платформасида жорий йилнинг 8 апрель ҳолатига белгиланган режа 104,8 фоизга бажарилиб, 10 миллион 316 минг 800 туп кўчат экилгани таъкидланади.

Шунингдек, Жиззах шаҳар ва туман экология бўлимлари томонидан кўчатлар сони, тури, жойлашув локацияси, суғориш тизими ва ҳар туп дарахтга масъул бўлган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар киритилган ҳолда 10 миллион 266 минг 300 туп (ёки 104,3 фоиз) кўчат “Yashilmakon.eco” электрон платформасида тасдиқланганлиги қайд этилади.
Шу билан бирга, 6 та туманда ҳокимлик ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан 9,7 гектар ер майдонида “Яшил боғ”лар яратилган.

Қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ва аҳоли томорқа ерлари бўйича “Ҳар бир фуқаро учун – бир дарахт” тамойили асосида кўчат экиш режаси 981 минг 300 туп бўлса, амалда 1 миллион 186 минг 500 туп экилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.


Бундан ташқари, ҳудудларда баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 158 та қишлоқ ва маҳаллаларда 189 маротаба амалий семинар ўтказилиб, уларга 19 минг 830 нафар фуқаролар жалб этилган. Шаҳар ва туманларда 54 жойда фуқаролар учун 78 та кўчат сотиш манзиллари ташкил этилган.
А.Қаюмов, ЎзА