Ҳиндистон сўнгги бир неча соат ичида Покистон билан эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви қоидаси бузилганини қайд этиб, Исломободни битимга риоя қилишга чақирди. Бу ҳақда ҳинд давлати Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Викрам Мисри брифингда маълум қилди.
– Сўнгги бир неча соат ичида Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий мулозимлари томонидан эришилган келишувни бир неча бор бузиш ҳолати кузатилди, – деган Мисри. – Биз Покистонни ушбу қонунбузарликни бартараф этиш учун тегишли чоралар кўриш, вазиятга жиддий ва масъулият билан ёндашишга чақирамиз.

Янги Деҳли ва Исломобод аввалроқ ўт очишни тўхтатишга келишиб олган эди. Маҳаллий вақт билан соат 15:35 да Покистон ҳарбий амалиёт бўлими бошлиғи ҳиндистонлик ҳамкасбини чақирди. Ҳарбий музокара якунида “ҳар икки томон ҳинд стандарт вақти билан соат 17:00 дан қуруқлик, ҳаво ва денгиз йўлида ҳар қандай ўқ отиш ва ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришди. Афсуски, бир неча соат ўтгач, Жамму, Кашмир ва Панжобнинг бир неча шаҳрида дронлар учаётгани кузатилди, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушди, электр таъминоти узилди.