Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида таэквондо WT йўналиши бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланди. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Чемпионатнинг илк кунида тўрт нафар ёш вакилимиз медаллар учун даянга чиқади. 37 кг вазн тоифасида Султонбек Набиев илк жангини америкалик Натаниел Никулайга қарши ўтказади. 61 кг вазн тоифасида эса Билолиддин Шарофиддинов дастлаб Жулио Алварес (Эквадор) ва Медҳат Аҳмет (Миср) ўртасидаги баҳс ғолибига қарши куч синашади.

Қизлар ўртасидаги беллашувларда 29 кг вазн тоифасининг 1/16 финал босқичида Малика Рўзиева нейтрал мақомдаги спортчи Базена Чубарава билан, 44 кг вазн тоифасида эса Елезавета Ли яна бир нейтрал таэквондочи Елизавета Бистровага қарши жанг қилади.
Мазкур вазн тоифаларида ғолиблар ва совриндорлар бугунги кунги натижаларга кўра аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА