Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилаётган "Катта дубулға" туркумига кирувчи "Qazaqstan Barysy Grand Slam" халқаро турнирининг илк кунида Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси вакили Муҳриддин Тиловов муваффақиятли иштирок этди.
-66 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Тиловов дастлабки саралаш босқичида италиялик рақибини ишончли тарзда мағлуб этди. Гуруҳ босқичида эса нейтрал мақомда иштирок этаётган Рамазон Абдуллаевга имкониятни бой бергач, бронза медали учун курашиш имконини қўлга киритди.

Ўтиш жангида у маҳаллий дзюдочи — қозоғистонлик Бауржан Нарбаевни ғалаба учун руҳий устунликка эга бўлганига қарамай, мағлубиятга учратди. Якунда 3-ўрин учун баҳсда Тиловов хитойлик Зиянг Сюэ устидан ҳам ғалаба қозониб, мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди.
Ҳозирча умумжамоа ҳисобида Франция, Германия ва Хитой терма жамоалари етакчилик қилаётган бўлса, Ўзбекистон 1 та бронза медали билан кучли ўнликдан жой эгаллаб турибди.

Бугун, 10 май куни мусобақанинг иккинчи куни доирасида эркаклар ўртасида -73 ва -81 кг, аёллар ўртасида эса -63 ва -70 кг вазн тоифаларида баҳслар бўлиб ўтади. Ўзбекистон номидан татамига Асадбек Норбўтаев, Муҳаммадяҳё Муҳаммаджонов, Нодирбек Мавлонбердиев, Севинч Исоқова ва Ширинжон Йўлдошева чиқишади.
44 давлатдан 358 нафар дзюдочи иштирок этаётган нуфузли мусобақа 11 майгача давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА