1945 йил 9 май. Инсоният тарихидаги муҳим сана. 1939 йил 1 сентябрь куни дунёга ҳукмронлик қилиш даъвосини илгари сурган, инсониятни даҳшатга, қирғин ва офатларга гирифтор қилган фашизм ғояси асосида бошланган Иккинчи жаҳон уруши мислсиз азоб-уқубатлар, сон-саноқсиз қурбонларга сабаб бўлди.
Олти йил давом этган даҳшатли уруш ўша вақтда жаҳонда мавжуд бўлган 73 та давлатнинг 62 тасини, Ер куррасининг 80 фоиз аҳолисини ўз домига тортди. Ҳарбий ҳаракатлар Европа, Осиё ва Африкадаги 40 дан зиёд давлатлар ҳудудида олиб борилди. Қуролли кучларга сафарбар этилган 110 миллион кишидан умумий йўқотиш 70 миллионни ташкил этди.
Бу уруш ядро қуроли қўлланилган энг мудҳиш воқеа сифатида ҳам тарих саҳифаларига муҳрланди. Ҳарбий харажатлар ва ҳарбий зарар ўша вақтдаги ҳисоб бўйича 4 триллион долларни ташкил этди. Моддий харажатлар урушаётган давлатлар миллий даромадининг 70 фоизигача етди. Мисли кўрилмаган бузғунчилик авж олган урушда ўн минглаб шаҳар ва қишлоқлар вайрон қилинди.
Гарчи, ҳарбий хизматни ўтаётган ўзбекистонликлар 1939 йилнинг ўзидаёқ жанговар ҳаракатларга жалб қилинган бўлса-да, фуқаролар оммавий тарзда 1941 йилдан урушга сафарбар этилди.
Ўша даврда Ўзбекистон ҳудудида яшаган 6 ярим миллион аҳолидан 1 миллион 950 мингдан зиёди урушда иштирок этди. Уларнинг ярим миллиондан кўпи ҳалок бўлди. 158 мингдан ортиқ юртдошимиз бедарак йўқолди. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз урушдан ногирон бўлиб қайтди.
Бу маълумотлар ҳар уч ўзбекистонликдан бири қўлига қурол олиб, фашизмга қарши курашгани, юрти ва умуминсоният учун тинчлик ўрнатилишига ҳисса қўшганидан далолат беради.
Агар ўз уйига, Ватанига қайтмаган ҳар бир аскар ортида 5–7 нафар оила аъзолари борлиги, қанчадан-қанча аёллар бева, болалар етим қолганини ҳисобга олсак, бу рақамларда акс этган фожиалар кўлами янада кенгроқ намоён бўлади.
Уруш даврида 214 минг ўзбекистонлик аскар ва офицерлар кўрсатган қаҳрамонликлари учун жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. Хусусан, 301 нафар ватандошимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони, 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги Слава ордени билан мукофотланди.
Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонликлар Гитлер Германияси ва унга иттифоқдош мамлакатлар томонидан босиб олинган Европа давлатларини озод қилишда ҳам чинакам жасорат ва матонат намуналарини кўрсатдилар. Улар Югославия, Болгария, Греция, Италия, Норвегия, Франция, Чехословакия ҳудудларида мардларча жанг қилдилар. Совет Иттифоқи Қаҳрамонларидан Илёс Ўрозов, Қўчқор Қаршиев Венгрия учун жангларда, Жуман Қорақулов Чехословакия учун жангларда, генерал-майор Собир Раҳимов Гданск учун жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Европанинг озод қилинишида ўзбекистонликларнинг иштироки аҳамиятли бўлди. Масалан, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Тожиали Бобоев Берлин йўлидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Силезия темир йўл вокзалига байроқ ўрнатишга муваффақ бўлди. Мухтор Расулов биринчи учувчилар сафида Рейхстаг майдони узра разведка фотосуратларини бош штабга етказиб берди. 150-ўқчи дивизия таркибида жангга кирган Каримжон Исоқов эса Рейхстаг гумбазига ғалаба байроғини ўрнатди.
Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз «Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!» деб яшади, ором ва ҳаловатдан кечиб, тинимсиз меҳнат қилди.
Юртимиз фронт учун барча зарур нарсаларни етказиб берувчи муҳим таянч марказлардан бирига айланди. Ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадларда қайта ташкил этилиб, қисқа муддат ичида республикада 280 та янги корхона қурилиб, ишга туширилди. 1941 йил охирига келиб, 300 дан ортиқ корхоналарда ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон фронтга 2 мингдан ортиқ самолёт, 17 мингдан зиёд авиамотор, 17 мингдан ортиқ миномёт, 560 минг дона снаряд, 300 мингдан ортиқ парашют, 1 миллионта граната, 2 ярим миллионга яқин авиабомба, 22 миллионта мина ва бошқа ҳарбий анжомлар, фронт ҳамда қамалдаги ҳудудлар аҳолиси учун маблағ, озиқ-овқат, дори-дармон ва иссиқ кийимлар етказиб берди.
1941–1945 йилларда Ўзбекистон бутун иттифоқ госпиталига айланди. Ўн минглаб аскар ва офицерлар бу ерда даволаниб, урушга ёки фронт ортидаги меҳнат фаолиятига қайтдилар. Халқимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллион 500 мингга яқин одамга бошпана бериб, ўзининг сўнгги бурда нонини улар билан баҳам кўргани, ота-онаси, оиласидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани “Сен етим эмассан!” дея бағрига олгани инсонпарварликнинг чинакам намунаси бўлди. Ўзбекистонликлар озод қилинган ғарбий ҳудудларни тиклашда ҳам фаол иштирок этди.
Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонлиги шу қадар юксакки, бу шонли ғалабани Ўзбекистонсиз, ўзбек халқисиз асло тасаввур қилиб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун мамлакатимизда буюк мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввалом бор, “Инсон қадри улуғ – хотира муқаддас” деган улуғ инсоний туйғулар асосида олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Янги Ўзбекистонда жасорати, мардона меҳнати, метин иродаси ва инсонийлиги билан башариятни фашизм балосидан сақлаб қолиб, дунёда тинчлик ўрнатилишига ҳисса қўшган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасига ҳурмат билан муносабатда бўлиш олий қадрият ҳисобланади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси асосида 2020 йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” давлат музейи барпо этилди.
Ўзбек халқининг шонли тарихи, енгилмас иродаси, мардлиги ва матонати, бемисл жасорати ва қаҳрамонлиги ҳақида ҳиқоя қилувчи ушбу маҳобатли музей юртимиз ва хориждаги архив ҳамда музейларда, уруш қатнашчилари ва уларнинг оилаларида сақланаётган ноёб ҳужжатлар, фотосурат ва маълумотлар асосида ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу маскан халқимизнинг муқаддас қадамжоларидан бирига айланиб, замондошларимиз, айниқса, ёшларимизни тарихдан тўғри хулоса чиқариб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, мард ва олижаноб аждодларимиздан ибрат олиб яшашга даъват этиб келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан сўнгги йилларда тарихий адолатни тиклаш, ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ватандошларимиз номларини тиклаш ва абадийлаштириш мақсадида кенг кўламли илмий изланишлар олиб борилмоқда. Мавзуга доир кўплаб илмий мақолалар, монография ва китоблар яратилиб, илмий ишлар ҳимоя қилинмоқда. Натижада халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган матонати ва жасорати, урушдан қайтмаган, бедарак йўқолган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси тикланмоқда. Шонли қаҳрамонларимиз ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олинмоқда.
Нидерландиялик ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг саъй-ҳаракати билан уруш йилларида фашистлар томонидан асирга олинган, “Амерсфорт” концлагерида ақл бовар қилмас қийноқларга солинишига қарамай, ўз шаъни, ғурури ва инсонийлик хислатларини сақлаб қолган 101 нафар ўзбек ўғлони хотирасининг абадийлаштирилгани ана шундай савобли ишлардан бири бўлди.
Маълумки, Нидерландиянинг Лёсден шаҳридаги “Рустхоф” қабристони ҳудудида “Совет шон-шараф майдони” (Советское поле славы) ёдгорлик мажмуаси мавжуд бўлиб, ушбу мажмуада Иккинчи жаҳон уруши даврида “Амерсфорт” концлагерига келтирилиб, шу ерда мангу қўним топган 101 ўзбекистонлик ҳарбий асирларнинг қабрлари жойлашган.
Тарихий маълумотларга кўра, 1941 йилнинг кузида асир олинган ўзбекистонлик аскарлар фашистлар томонидан босиб олинган Нидерландия ҳудудидаги “Амерсфорт” концлагерига келтирилади. Бир юз бир нафар маҳбуснинг 24 нафари 1941 йилнинг қишида қийноқ ва касалликлар туфайли қурбон бўлади. 77 нафари эса 1942 йил 9 апрель куни эрта тонгда яқин атрофдаги ўрмонда отиб ташланади.
Таъкидлаш керакки, қарийб чорак аср давомида ушбу асирларнинг тақдири ҳақида изланишлар олиб борган нидерландиялик тадқиқотчи, “Совет шон-шараф майдони” фонди раҳбари Ремко Рейдинг саъй-ҳаракатлари билан “Амерсфорт” концлагерида фашистлар қурбони бўлган совет ҳарбийларининг қабристонида дафн этилган 865 нафар номаълум аскардан 101 нафари Марказий Осиёдан, асосан Ўзбекистондан экани маълум бўлди. Ремко Рейдинг ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг биргаликда олиб борган қидирув ишлари натижасида ҳозирга қадар 7 нафар асирнинг шахсига аниқлик киритилди.

Ўзбекистонда 101 асир бўйича бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Ушбу фильмлар учун зарур фактологик маълумотлар айнан Ремко Рейдинг томонидан тақдим этилди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи”да алоҳида инсталляция, “Шон-шараф” музейида экспозиция ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси ҳамда Р.Рейдинг бошчилик қилаётган фонд саъй-ҳаракатлари билан ҳар йили 9 апрель куни анъанавий равишда Иккинчи жаҳон уруши даврида Лёсден шаҳридаги “Амерсфорт” концлагерида қатл этилган ўзбек аскарлари хотирасига бағишлаб хотира тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага 80 йил тўлиши муносабати билан Ремко Рейдингнинг ташаббуси ҳамда Ўзбекистон раҳбариятининг моддий ва маънавий ёрдами асосида бу ерда 101 ўзбекистонлик аскар хотирасига бағишлаб музей ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан, жорий йилнинг 2-4 май кунлари Нидерландия Қироллигининг Лёсден шаҳридаги уруш қурбонлари хотирасига бағишланган тантанали маросимда иштирок этиш учун мамлакатимиз делегациясининг ташрифи амалга оширилди.

Делегация аъзолари Иккинчи жаҳон урушида фашизм қурбони бўлган аскарлар, жумладан, 101 ўзбек аскари хотирасига бағишлаб ташкил этилган музейда бўлиб, уруш қурбонлари хотирасига бағишланган маросимда иштирок этдилар.

Тадбирларда Нидерландиянинг Лёсден шаҳри мэри Герольф Баумистер, “Совет шон-шараф майдони” жамғармаси раҳбарияти, маҳаллий ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари, олий ўқув юртлари талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари, Нидерландияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошлар қатнашдилар.
Иштирокчилар хотира майдонида дафн этилган 865 нафар аскарлар, шу жумладан, ўзбекистонлик 101 нафар аскар қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирдилар.

Делегация аъзолари Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, Ремко Рейдингнинг аждодларимиз хотирасини тиклаш ва абадийлаштириш йўлидаги хизматларини алоҳида эътироф этдилар. Шундан сўнг “Совет шон-шараф майдони” фонди раҳбари Ремко Рейдинг ва унинг ёрдамчиси Наталья де Йонгга Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг махсус совғалари ҳамда Мудофаа вазирлиги томонидан таъсис этилган кўкрак нишони тантанали топширилди.

Нидерландиянинг Лёсден шаҳрида ўзбекистонлик 101 нафар аскар хотирасига бағишлаб ташкил этилган музей Нидерландия жамоатчилиги ва ташриф буюрувчиларни Иккинчи жаҳон урушининг мудҳиш ва ҳалокатли оқибатлари, Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси, кўрсатган ирода ва жасорати ҳақида хабардор этади ва уларнинг муқаддас хотирасини абадийлаштиришшга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Анъанага кўра, бугун ҳам ҳар йилгидек мазкур хотира майдонида дафн этилган 865 нафар аскарлар, шу жумладан, 101 нафар ўзбекистонлик аскарларнинг қабрларига гул қўйдик, уларнинг хотирасини ёдга олдик. Биз уларнинг жасорати ва озодлик учун олиб борган курашларини унутмаймиз.
Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига яқин ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Мен бугун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус мукофоти билан тақдирландим. Билдирилган юксак ишонч ва кўрсатилган эҳтиром учун ўзимнинг самимий ташаккуримни билдираман.
Ремко Рейдинг,
Нидерландиянинг “Совет шон-шараф майдони” фонди раҳбари
Бугун биз “Совет шон-шараф майдони”да ҳар бир қабрга гулдасталар қўйиш орқали уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилмоқдамиз.
Бу тадбирни ташкил этиш орқали биз Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик 101 нафар аскар хотирасиини абадийлаштиришни мақсад қилганмиз.
Тадбирда Ўзбекистон делегация аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, кўнгиллилар, жамғармамиз ходимлари, маҳаллий ОАВ вкиллари ва бошқалар иштирок этмоқда.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон томони билан яқин ҳамкорлигимиз туфайли, ўзбекистонлик 101 нафар аскар ҳақида кўпроқ ўргандик ва маълумот олдик. Уларнинг шахсини аниқлаш ва қабрларини тиклашда Ўзбекистон томони кўрсатаётган кўмакдан миннатдормиз.
Наталья де Йонг,
Нидерландиянинг “Совет шон-шараф майдони” фонди вакили
Тадбир сўнгида Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси томонидан тадбир иштирокчиларига миллий таомлар тақдим этилди.
Инсониятни фашизм балосидан асраб қолиш йўлида жон фидо қилган, енгилмас ирода ва бемисл жасорат кўрсатган, жанггоҳларда мангу қўним топган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш борасида ташкил этилган бу каби тадбирлар ва савобли амаллар бугунги Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва шаъни устувор аҳамият касб этаётганидан далолатдир.
Саидхон САИДОЛИМОВ