9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Инсоннинг туйғулари ҳеч қачон бутунлай йўқолиб кетмайди. Соғинчлари ҳеч замонда қайтмас бўлиб тарк этмайди.
Йўқчиликда тўқчиликни, нотинчликда тинчликни қумсайди, соғинади. Бу туйғулар уруш тўзонларида умрининг энг гуллаган даврини ўтказган ёш йигитларнинг қалбида бўлмаган, дейсизми? Ёйинки, фарзанди, отаси ва ёрини душманга қарши юбора туриб, Тангридан омонлик сўраб дуо қилганлар қалбида бўлмаган, дейсизми? Ҳаммасига инсон аталмиш зотнинг туйғулари гирифтор бўлган.
Тўғри, бугун биз уларнинг қалбидаги оғриқларни, Яратганга қилган илтижоларини ва ҳатто неча кунлаб нон тотмай азобланган жисмини ҳис этолмаймиз. Бизни шукроналикка ундаш учун етарли асослар бор замонда яшаяпмиз. Аммо бу уларни унутишимизга сабаб бўла олмайди. Аксар инсон ўз бошидан ўтказган кунлардангина ибрат олишга мойил. Бу балки унинг чин маънодаги ожизлигидир. Одамзод яралганига миллион йиллар ўтган бўлса-да, ҳеч бир даврда башар фарзандининг жамоавий бўлиб бахт айнан нимадалигини англаб, ўша йўлни мустаҳкам тутганига ишониш қийин. Оқибатда эса, тарих китобларини машъум саналар билан тўлдирган урушлар, унинг ортидан оламни тарк этган гўдаклар, оналар ва тинчликсеварларнинг қони билан тўланган.
Бугун-чи?! Бизни жисмимизнинг қайғусидан бошқа қандай ташвишлар қийнаяпти? Меҳнат истаган кўнгил ҳаракат қила олса, ризқ топади.

Бугун дунё нотинч, деб жар солишга ҳожат йўқ, чунки бундан бехабар қолганлардан бохабарлар бисёр. Шундай дамларда Яратганнинг назари тушган юртинг борлигининг ўзи бахт эмасми? Халқининг фаровонлиги учун ислоҳотлар юритаётган инсонлар атрофингда бисёр эканлиги саодат эмасми?
Бу кунларни узоқ тарихимиздан яқин тарихимизгача бўлган даврда ота-боболаримиз орзу қилмаганмиди? Бугун бизга тинчлик ва мустақиллик учун жон фидо қилганларни хотирлаш, қадрлаш амалигина қолди. Шукрки, муносиб бўлиб хотираларни муқаддас сақламоқдамиз.
Унутмайлик, асл қаҳрамонлик вақт ва давр танламайди. Тинчлик даврида ҳам юртга қалқон бўлаётган мардларимиз бисёр. Жонфидолар бисёр. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ғояси асосида ташкил этилган “Миллат фидойилари” хиёбони мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишланди.
Президентимиз мазкур мажмуага ташриф буюриб, марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашиб, “Ҳар йили бу ерга келиб, Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишларни эслаймиз. Энди мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуани ташкил қилганимиз, хайрли иш бўлди. Чунки улар ҳам миллий қаҳрамонларимиз. Шу жиҳатдан, бу майдоннинг маънавий аҳамияти катта. Бу ҳам ўзликни англаш, бу ҳам инсон қадри“, деди.
Дарҳақиқат, бугунги осойишталик даврида ҳар соҳада инсон қадрига бўлган эътибор юксалмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 февралдаги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийларига муносиб ҳурмат кўрсатилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари берилмоқда. Кўплаб муҳтарам нуронийларга “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилмоқда.
Маълумотларга таянадиган бўлсак, Иккинчи жаҳон урушига ўзбекистонликларнинг 2 миллионга яқини сафарбар этилиб, шундан 538 минг нафардан ортиғи жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 158 минг нафардан ортиғи бедарак йўқолган. Мустақиллик йилларида 200 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар.
Тинчлик ва мустақиллик учун ўз жонини аямаган ота-боболаримиз ва мард ўғлонларимизнинг улкан жасорати, матонати ҳамда фидойиликлари абадий. 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган уруш ва меҳнат фахрийларига ҳамда Ватан равнақи, тараққиёти ва унинг ҳимояси учун курашган буюк аждодларимизга алоҳида эътибор сифатида Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида“ги қарори имзоланди.
Шу ўринда ўйлаб кўрайлик, ёши улуғларимизнинг қалбини нима хушнуд этади — тинч-фаровон юртда яшаётган авлодларини кўриш ва уларнинг хизматларини қадрлаш йўлидаги эътироф. Қарорда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларига уларнинг хоҳишларига кўра республика ҳудудидаги санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бир марталик бепул йўлланмалар тақдим этилиши белгиланди. Бу эса уларнинг тану жони саломатлиги, узоқ йиллар авлодлар дуосида бўлиб, осойишталик қадрини англатиб яшаши учун ҳам муҳимдир.
Қарорга кўра, бу йилги 9 май – Хотира ва қадрлаш куни “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида ўтказилмоқда. Ундаги маъноларнинг мантиғини чақар экансиз, аслида ҳар қандай фидойилик, қаҳрамонлик, жонфидолик Ватан равнақига ҳисса бўлиб қўшилишига урғу берилган.
Демак, Янги Ўзбекистоннинг қайси манзилида, қай соҳада фаолият юритмайлик, биргина мақсад бизни тараққиётга етаклайди. Юртга фидойилик, Ватанга садоқат бўлса, бас.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА мухбири