АОКАда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъуллари иштирокида аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда қайд этилишича, 2022-2024 йиллар давомида жами 4 минг 920 та кўп квартирали уйлар барпо этилган. 221 мингдан зиёд хонадон аҳоли ихтиёрига топширилди. Бу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилда 56 115 та хонадонли 1 433 та уй, 2023 йилда 65 528 та хонадонли 1 443 та уй ва 2024 йилда 100 264 та хонадонли 2 044 та уй фойдаланишга топширилди.
Давлат-хусусий шериклик асосида кўп квартирали уйлар қурилиши кенгаймоқда. Қурилиш компанияларига солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар берилиши, ер ажратиш ва инфратузилма билан таъминлаш масалаларида қулайликлар яратилиб, тадбиркорлар учун рағбатлантирувчи муҳит шакллантирилди. Натижада соҳада хусусий секторнинг улуши ортмоқда, бу эса аҳолининг эҳтиёжларига мос, сифатли уй-жойларни кўпроқ барпо этиш имконини бермоқда.
Жорий йилда уй-жойлар қурилиши 135 минг хонадонга етказилади. Бугунги кунда 2 451 та уйда (147 минг 378 та хонадон) қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Шундан 16 минг 797 та хонадондан иборат 289 та уйлар фойдаланишга топширилган.
Мавжуд кўп квартирали уйларнинг бошқарувини такомиллаштириш бўйича ҳам кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўтган йилда 35 мингдан ортиқ уйда “битта уй — битта бошқарув” тамойили жорий этилиб, бошқарув ширкатлари ва ташаббускор фуқаролар томонидан самарали бошқарув тизими йўлга қўйилди. Бу эса фуқароларнинг уй-жойларига эгалик ҳиссини мустаҳкамлаб, харажатларда шаффофликни таъминлади.
Уй-жой билан таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан яна бири — ипотека тизимини соддалаштириш ва унга кенг қатламларни жалб этишдир. Имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш механизми такомиллаштирилиб, даромади паст оилаларга ҳам қулай шартлар яратилди. Хусусан, оилаларнинг кредит тўловларини субсидия орқали қоплаш амалиёти кенгайтирилди.
Яна бир маълумот, шу йилдан “эскроу” тизимини жорий этиш режага киритилган. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади. Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TCm20yZWj0k" title="Joriy yilda uy-joylar qurilishi 135 ming xonadonga etkaziladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА