Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов Душанбега ташриф доирасида Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Хайриддин Усмонзода билан учрашди.
Мулоқот давомида давлатларимиз иттифоқчилигини янада мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, гуманитар алмашинувни кучайтириш ҳамда таҳлилий марказлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ж.Ваҳобов чегара ҳудудлари ўртасида савдо-сотиқ кўламини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Бу ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, умумий инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда кичик ва ўрта бизнес салоҳиятини юзага чиқаришга кўмаклашади.

Ўз навбатида Х.Усмонзода минтақа таҳлилий марказлари ҳамкорлигини кучайтириш минтақавий фаровонлик, барқарор ривожланиш, сув-энергетика тизимини такомиллаштириш, шунингдек Марказий Осиёни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ижобий ўзгартиришга хизмат қиладиган муҳим масалаларни чуқур ва ҳар томонлама муҳокама қилиш имконини яратишини қайд этди. Шу нуқтаи назардан МОХИ ва Стратегик тадқиқотлар маркази ўртасидаги яқин ҳамкорлик, икки томонлама ва минтақавий вазифаларни ҳал этиш йўлидаги узвий фаолият алоҳида аҳамият касб этиши бир овоздан маъқулланди.


Учрашув якунида икки институт раҳбарлари 2025-2026 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик режасини имзоладилар. Ушбу ҳужжат академик шерикликни кучайтириш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш, минтақавий масалаларга бағишланган тадбирлар ташкил этиш ва мунтазам равишда илмий нашрлар чоп этишга қаратилган аниқ чораларни жамлаган.
Ғ.Хонназаров, ЎзА