Президентимизнинг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти ҳақида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Евгений Коленко муносабат билдирди:
– Рақамли технологиялар жадал ривожланиши билан ахборот тизимлари жамият ҳаётининг барча соҳаларига кириб келди. Бу аҳолининг муҳим хизматлардан кенг фойдаланишига ва уларнинг сифати ва тезлиги ошишига шароит яратди. Муҳими, бу шаффофликни таъминлаш, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва коррупция даражасини пасайтириш имконини берди.

Бироқ рақамлаштиришнинг афзалликлари билан бирга, жиддий хавфлари борлиги сир эмас. Кибержиноятлар сони ўсиши билан бирга, уларнинг мураккаблашиб бораётгани кузатилаётир. Ушбу жиноятларни содир этиш усуллари тобора мураккаблашиб бормоқда. Фишинг ҳужумлари, вируслар, сохта қўнғироқлар, шахс (дроп)лардан фойдаланиш схемаларигача, тўлов тизимларини бузиб кириш ва шахсга доир маълумотларни ўғирлашгача бўлган жиноятлар шулар жумласидандир.
Бундай шароитда кибертаҳдидларга қарши курашишдаги мавжуд ёндашувларни тубдан модернизация қилишга талаб кучайиши табиий ҳол. Қонунчилик, техник база, таъсир кўрсатиш ва кадрлар тайёрлаш механизмлари вазятга қараб доимий такомиллаштирилиши керак.
Давлатимиз раҳбарининг янги қарори айнан шунга қаратилган. Бу ҳужжат ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш соҳасида ягона ва мақсадли давлат сиёсатини шакллантиришда муҳим қадам бўлди.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси доирасидаги мазкур қарор Ўзбекистонда кибержиноятларнинг олдини олиш ва фош этишга доир чора-тадбирларни ҳар томонлама кучайтиришга қаратилган кенг кўламли стратегик ташаббус ҳисобланади. Унда ушбу турдаги таҳдидларга қарши курашишнинг ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари қамраб олинган.
Мазкур қарор рақамли таҳдидларнинг жадал ўсиши шароитида муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган ҳужжат бўлди. Қарорда фақат чора-тадбирлар келтирилибгина қолмай, балки кибержиноятга қарши курашиш бўйича самарали тизимни яратишга бўлган яхлит ёндашув таклиф этилган. Унда қонуний тартибга солиш ва техник ечимлардан тортиб, профилактик чора-тадбирлар, идоралараро ва халқаро ҳамкорликкача бўлган муҳим йўналишлар қамраб олинган.
Қарорда рақамли соҳадаги киберҳужумлардан ҳимоя қилишни таъминловчи мустаҳкам ҳуқуқий асосни яратишга эътибор қаратилгани алоҳида аҳамиятга эга. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва молия ташкилотларидан тортиб, телекоммуникация компаниялари ва фуқаролар, умуман, барча иштирокчиларнинг роли ва жавобгарлиги белгиланди.
Ҳужжатдаги қоидаларни амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда кибертаҳдидларга қарши курашиш сезиларли даражада яхшиланади. Чунки, соҳанинг модернизация қилиниши хавфсиз рақамли муҳитни шакллантириш имконини беради. Аҳолининг замонавий технологияларга бўлган ишончини ҳамда ахборот хавфсизлиги соҳасида мамлакатимизнинг халқаро нуфузини оширади.
Кибержиноятларга қарши курашиш соҳасидаги салоҳиятни мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг кўламли институционал ва ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш қарордаги муҳим йўналишлардан биридир. Бу оддийгина техник чора-тадбирлар эмас, балки давлат органлари негизида замонавий чақириқларга самарали жавоб бера оладиган мустаҳкам инфратузилмани яратишдир.
Хусусан, Бош прокуратура тизимида кибержиноятга қарши курашиш соҳасида қонунийликни таъминлайдиган махсус бўлим ташкил этилади. Қуйи прокуратура органларида ҳам худди шундай бўлимлар шакллантирилади.
Прокурорлик назоратини амалга оширадиган махсус бўлимларнинг ташкил этилиши ушбу соҳада терговнинг қонунийлигини таъминлайди. Бу ҳуқуқбузарликларни тезкор аниқлаш, тергов ҳаракатлари сифатини ошириш ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда бундай тоифадаги ишларни тергов қилишнинг ягона амалиётини шакллантириш имконини беради.
Кибертаҳдидлар махсус билим ва кўникмаларни талаб этгани учун қарорда юқорида кўрсатилган бўлинмалар ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг барча ходимлари жорий йил 1 июлгача мажбурий малака ошириш курсларида ўқишлари кўзда тутилган. Бу уларнинг рақамли криминалистика, техник таҳлил ва ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича замонавий билимларга эга бўлишини кафолатлайди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти таркибида Кибержиноятчиликка қарши курашиш ва рақамли терговга кўмаклашиш маркази ташкил этилади.
Кибержиноятларни содир этиш сабаблари ва шароитларини илмий жиҳатдан ўрганиш марказнинг муҳим фаолият йўналишларидан бири бўлади. Нафақат статистик таҳлил, балки рақамли муҳитда жиноятларни содир этишга кўмаклашувчи ижтимоий-психологик, ташкилий ва техник омиллар чуқур тадқиқ этилади.
Кибержиноятларни тергов қилиш ва фош қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиш иккинчи муҳим йўналиш бўлади.
Марказ тергов органлари амалиётини таҳлил қилиш, муаммоли ҳолатларни аниқлаш, рақамли далиллар тактикаси, уларни тўплаш ва баҳолаш бўйича услубий тавсияларни бериш билан шуғулланади. Бу жиноий-процессуал фаолият сифатини ошириш ва фош этилмаган жиноятлар сонини камайтириш имконини беради.
Рақамли тергов соҳасида таълим жараёнига услубий кўмак кўрсатиш марказнинг муҳим вазифаларидан бири бўлади. Ўқув дастурларини янгилаш, янги курслар, семинар ва тренинглар тайёрлашда илмий ишланмалардан фойдаланилади. Бу, нафақат юридик, балки зарур техник билимларга эга мутахассисларни тайёрлаш имконини ҳам беради. Бу, айниқса, жадал ривожланаётган технологиялар ва рақамли маконда жиноятчиликнинг доимий ўзгарувчан шакллари шароитида жуда долзарбдир.
Мазкур қарор мамлакатимизда киберхавфсизликнинг замонавий тизимини шакллантиришда муҳим қадам бўлди. Барқарор рақамли муҳитни яратишда давлат, хусусий сектор ва жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда муҳим вектор вазифасини ҳам бажаради.
Норгул Абдураимова, ЎзА