9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган учрашувлар ва тадбирларда ана шундай фидойилар ёд этилиб, умргузаронлик қилаётганлари йўқланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасида ҳам тизим фахрийлари иштирокида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Унда ҳарбий прокуратура ходимлари, уларнинг оила аъзолари, тизимга хизматга қабул қилиниб, илк бор лавозимга тайинланган ёш ходимлар иштирок этди.

Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлганлар ёрқин хотираси ёдга олинди. Бугун кексалик гаштини сураётган фахрийларга эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг ибратли ҳаёт йўллари эътироф этилди.
Тадбирда ҳарбий прокуратура ходимлари фарзандларига олийгоҳларга кириш учун имтиёзли тавсияномалар тантанали равишда топширилди.
Бир гуруҳ ходимларга навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилиб, 2024 йил якуни бўйича касбий танлов ҳамда ходимлар ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори соврини” учун ўтказилган шахмат-шашка мусобақалари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.
Н.Абдураимова, ЎзА