Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Олмалиқ кон-металлургия комбинатида трансформация жараёнлари" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
ОКМК масъуллари иштирокидаги анжуманда комбинатда бугунги кунда трансформация йўналишида тизимли ишлар йўлга қўйилгани қайд этилди. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш, стратегия ва операцион самарадорлик, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, барқарор ривожланиш (ESG), рақамлаштириш каби йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Бугун ишлаб чиқариш соҳаси туб ўзгаришларни талаб қилмоқда, – деди Олмалиқ кон-металлургия комбинати рақамлаштириш департаменти директори в.б Азиз Розиқулов. — Жаҳон бозоридаги юқори рақобат, мижозлар талаблари ҳам трансформацияга бўлган заруратнинг омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис, рақамлаштириш ва янги технологияларни жорий этиш корхона тараққиётига қўйилган муҳим бир қадамдир. ОКМК нафақат самарали, балки узоқ муддатли истиқболда барқарор ва рақобатбардош бўлиши учун корхонада трансформация, ESG тартиби ва халқаро рейтинглар лойиҳа офиси ташкил этилди. Ушбу жамоа шаффоф ҳисоботдан тортиб стратегик режалаштиришгача бўлган энг яхши жаҳон амалиётларини жорий этиш учун масъулдир. ОКМК 2019 йилдан бошлаб молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари – бизнес учун бутун дунёда тан олинган қоидалар бўйича ҳисобот юритади. Ушбу стандартларни жорий этишга "Ernst & Young", "Deloitte" каби аудиторлик компаниялари кўмаклашди. Бу ОКМКга S&P ("B+") ва Fitch ("BB-" барқарор прогноз) халқаро кредит рейтингларини олиш, шунингдек, воситачиларсиз тўғридан-тўғри халқаро банклардан молиялаштиришни жалб қилиш имконини берди. Натижада ОКМК 2,3 миллиард доллар кредит маблағларини жалб қилди ва 125 миллион доллар молиявий харажатларни иқтисод қилди. Шунингдек, комбинат 56 балл билан "Sustainable Fitch" томонидан учинчи даражали экологик рейтингга эга бўлди. Бу Ўзбекистондаги тармоқ корхоналари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Матбуот анжуманида комбинатда коррупцияга қарши курашиш ва харидлар шаффофлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Хусусан, KPMG томонидан аудит ўтказилди. Бу, ўз навбатида, самарадорликни ошириш йўлларини аниқлаб берди. "PwC Central Asia and Caucasus" компанияси кондан металлургия заводигача бўлган бутун "мис занжири"ни баҳолади. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришни оптималлаштириш бўйича "йўл харитаси"ни яратишга кўмаклашади. "Ernst&Young" компанияси комплаенс ва молиявий барқарорлик бўйича фикр-мулоҳазалар билан бўлишди.
Таъкидланишича, бугунги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинати "масъулиятли мис ишлаб чиқарувчи" сифатида The Copper Mark халқаро сертификатлашдан ўтмоқда. Бу маҳсулотларнинг Европа бозорида рақобатбардошлигини таъминлайди ва экологик йўналтирилган инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш имконини беради.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА