Тинчлик ва осойишталикни қадрловчи халқимиз ўзининг шонли тарихида Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган аждодларини ҳеч қачон унутмайди. Буюк аждодларимиз руҳига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, жасоратию мардлигини хотирлаш, уларга муносиб авлод бўлиш, эл-юрт равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларда бардавомлик бугунги авлоднинг асосий бурч ҳамда вазифасидир.
Айни кунларда юртимиз бўйлаб 9 май — Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Ўтганлар хотирланиб, миллатимиз ривожи йўлида ҳисса қўшган кекса нуронийлар эъзозланмоқда. Ушбу умумхалқ байрами арафасида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бўлим бошлиғи, тадқиқотчи олима Азиза Аҳророва бу шодиёнанинг моҳияти, шунингдек, юртимизда қатағон қурбонларининг номини абадийлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Хотира ва қадрлаш куни халқимизнинг улуғ қадриятларидан биридир. Эл-юртнинг тинчлиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар номи ҳамиша барҳаёт. Хотира бор экан, миллат барҳаётдир. Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан бардавомдир.

Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи маёқ каби ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига илҳом бағишлайди. Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Биз азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғояга тарғиб қилувчи буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчлик ва мустақилликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш, қон тўкиш батамом қораланади. 9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимизнинг замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
Хотира ва қадрлаш кунида ҳозиргача унутиб бўлмас сиймолар яна бир бор хотирланади. Бу кунда нафақат Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Ватанни мардонавор ҳимоя қилган қаҳрамонлар, балки юрт озодлиги, миллат равнақи учун жон фидо қилган қатағон қурбонларини ҳам хотирлаш мақсадга мувофиқдир. Чунки уларнинг ҳаёти ва фаолияти ёшлар учун ибрат мактабидир. Уларнинг жасорати олдида бош эгмасдан илож йўқ.
Қатағон қурбонларининг номини абадийлаштириш, фаолиятини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада Президентимиз томонидан қатор қарор ва фармойишлар қабул қилингани эътиборга молик. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши, 2024 йил 19 июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги, 2025 йил 3 январдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарорлари шулар жумласидандир.
2000 йилда Юнусобод тумани Амир Темур кўчасида 1937-1938 йилларда қатлгоҳ сифатида танлаб олинган жой обод этилиб, шаҳид бўлган юртдошларимизнинг хотираси учун рамзий қабр ва 27 метрлик ротонда барпо этилди. Ротонданинг тепасига “Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетганлар мангу барҳаётдир” деган сўзлар битиб қўйилди. 2002 йил 31 август куни эса ушбу ҳудудда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи очилди.
Ҳар йили 9 май арафасида мактаб ўқувчилари, талабалар, фуқаролар шаҳид кетган ота-боболаримизнинг руҳини шод этиш, хотирасини ёд этиш мақсадида “Шаҳидлар майдони”га ташриф буюради. Бу албатта, қувонарли ҳол. Ўзининг тарихини, аждодларини, уларнинг фаолиятини билиш, ўрганиш авлодлар олдида турган муқаддас бурчдир. Кимларнинг авлоди эканлигини англаган, ҳис қилган ёшларимизни эса ҳеч қандай куч буколмайди.
Бир сўз билан айтганда, у хоҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўладими, хоҳ қатағонга учраган жадид боболаримиз, беайб маҳв этилган давлат, жамоат, адабиёт, маориф ходимлари бўладими, уларнинг хотирасини ёд этиш, ҳурмат бажо келтириш, номини абадийлаштиришга ҳисса қўшиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчидир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА