Ўзбекистон энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигига Энергетика регуляторлари минтақавий ассоциацияси (ERRA) томонидан тўлақонли аъзоликни тасдиқловчи расмий сертификат топширилди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, агентлик ERRAнинг тўлақонли аъзоси мақомини расман қўлга киритди.

Бу қадам Ўзбекистонда амалга оширилаётган энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини кўрсатади ҳамда мамлакатнинг минтақавий энергетика ҳамкорлигидаги иштироки янада мустаҳкамланишига замин яратади.
Агентлик ахборот хизмати маълумотига кўра, ERRA энергетика бозорларини тартибга солиш, илғор тажрибаларни алмашиш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилот ҳисобланади. ERRA миллий, минтақавий ва халқаро даражада энергетика соҳасини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар билан фаолият олиб боради.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА