Жорий йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2025 йилда «2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»ни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.
Унда белгиланган амалий чора-тадбирлар фуқароларнинг ижтимоий жараёнлардаги иштироки ва таъсирини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг салоҳиятини ошириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кенгайтиришга хизмат қилади.
Аввало, нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш ва юқори натижаларга эришган ННТ томонидан семинар-тренингларни ташкил этиш вазифаси уларнинг профессионал салоҳиятини оширишга қаратилганлиги билан муҳимдир. Тажриба алмашиш – нодавлат нотижорат ташкилотларнинг замонавий усулларни ўзлаштириши, инновацион ёндашувларни қўллаши ва самарали фаолият юритишини таъминлайди.
Семинар-тренинглар эса нодавлат нотижорат ташкилотларининг соҳага хос билим ва кўникмаларини ривожлантириб, уларнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги таъсирини кучайтиради. Бу чоралар нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, жамиятдаги турли эҳтиёжларга тезкор ва сифатли жавоб бериш имконини яратади.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон – 2030»стратегиясини амалга ошириш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини фаоллаштириш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланган. Айниқса, 2025 йил – «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили»да фуқароларнинг экология ва барқарор ривожланиш масалаларидаги жамоатчилик назорати ҳамда эшитувлари давлат дастурларининг очиқлиги таъминланади. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларни қарор қабул қилиш жараёнига жалб этиш, масъул идоралар фаолияти устидан самарали мониторинг ўрнатишга хизмат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, йўл харитасида фуқаролик жамияти институтларининг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар ҳам алоҳида ўрин эгаллаган. Жумладан, БМТ томонидан таъсис этилган «Халқаро демократия куни» (Тhe International Day of Democracy) муносабати билан Ўзбекистонда демократик бошқарувда фуқаролик жамиятининг ўрни мавзусига бағишланган халқаро конференция ташкил этилиши мўлжалланган.
Конференция хориж тажрибасини ўрганиш, экспертлар билан мулоқот қилиш орқали фуқаролик жамиятининг ривожланишига янгича ёндашувларни шакллантириш имконини беради.
Шунингдек, фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маъруза тайёрлаш вазифаси ислоҳотларнинг самарасини баҳолаш, муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга замин яратади.
Қолаверса, 2030 йилга қадар фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш орқали бу йўналишдаги стратегик режалар қайта кўриб чиқилади, замонавий талаблар билан уйғунлаштирилади.
Хулоса қилиб айтганда, йўл харитасида белгиланган чора-тадбирлар нафақат фуқаролик жамиятининг институционал ривожига, балки фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш ва барқарор ижтимоий тараққиётни таъминлашга хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистоннинг янги босқичдаги ислоҳотларини янада самарали амалга оширишда мустаҳкам асос бўлади.
Инобат Ҳакимова,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси.
ЎзА