Ўзбекистонда илк маротаба "Археология боғи"ни ташкил этиш ғояси илгари сурилмоқда. Ҳозирда лойиҳани молиялаштириш масалалари ҳал этилмоқда. Қайд этилишича, мазкур археология боғи туризм, айниқса, илмий ва таълим туризми оқимини оширишга хизмат қилади. Бу орқали одатда четлаб ўтиладиган ҳудудларга сайёҳларни жалб қилиш режалаштирилган.
Бу юзасидан бугун, 6 май куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди. Тадбирда ЎзР ФА раҳбарияти ва ходимлари, олимлар ҳамда ОАВ иштирок этишди.
Матбуот анжуманида мамлакатимизнинг илм-фан соҳасидаги сўнгги натижалар, истиқболдаги лойиҳалар ҳамда халқаро ҳамкорликлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланишича, ҳозирда академия тизимида 49 та илмий муассаса ва ташкилот фаолият юритмоқда. Улар қаторида 3 та минтақавий бўлим, 32 та илмий-тадқиқот муассасаси, 3 та музей ва Радиоастрономик обсерватория мавжуд. 5343 нафар ходимлардан 2 834 нафарини илмий ходимлар ташкил этади. Шу кунга қадар, ЎзР ФАда олимлар томонидан бир қатор илмий кашфиётларга қўл урилган ва ижобий натижаларга эришилган.
Хусусан, 2024 йил самарали ва илмий тадқиқотлараг бой йил бўлгани таъкидланди: 2127 та илмий мақола, 855 та Scopus ва WoS базаларида, 208 та монография ва 84 та патент рўйхатга олинган. Зомин тоғларида ўзбекистонлик ва америкалик археологлар томонидан топилган қадимий шаҳарлар ҳақидаги мақола "Nature" журналида чоп этилиб, дунё ОАВларида кенг ёритилган.
Бундан ташқари, бир қатор амалий лойиҳалар ҳам муваффақиятли амалга оширилган: биопрепаратлар ва диагностикумлар ишлаб чиқилган, генетик паспортлаш ва электрон техник хариталаш ишлари йўлга қўйилган. 13 минг қўлёзма асарни ўз ичига олган веб-каталог ва "Ўзбекистон санъати тарихи" каби йирик нашрлар чоп этилган.
[gallery-23193]
ЎзР ФА олимлари илм борасида халқаро майдонда ҳам эътирофга сазовор бўлмоқдалар. Бугунги кунда академия 20 дан ортиқ мамлакатлар ва ташкилотлар, жумладан ЮНЕСКО, МАГАТЭ, TWAS билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса, Ўзбекистон-Хитой маркази, Корея билан дори воситаларини ташишдаги янги технологиялар, АҚШ билан археология соҳасидаги изланишлари бунга яққол мисолдир...
Матбуот анжуманида шунингдек, истиқболли режалар борасида ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, ЎзР ФА келгусида олий таълимдан кейинги таълимни кенгайтириш, халқаро журналларда чиқишлар сонини кўпайтириш ва илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш каби йўналишларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Шунингдек, археология йўналишларида ҳам олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудовнинг таъкидлашича, бугунги кунда Фанлар академиясига қарашли Миллий археология маркази 30 дан ортиқ йўналишда илмий ишларни олиб бормоқда. Улардан тахминан 10 таси турли халқлар ва уларнинг маданиятларига оид олиб борилаётган тадқиқотлардир.
Бу тадқиқотлар натижасида муҳим натижалар қўлга киритилган. Хусусан, Ўзбекистонда биринчи марта "Археология боғи"ни ташкил этиш ғояси илгари сурилиб, айни пайтда лойиҳани молиялаштириш масалалари ҳал этилмоқда. Қайд этилишича, мазкур археология боғи туризм, айниқса, илмий ва таълим туризми оқимини оширишга хизмат қилади. Бу орқали одатда четлаб ўтиладиган ҳудудларга сайёҳларни жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
"Масалан, аксар сайёҳлар Самарқанд, Бухоро, Хивага боришни хоҳлайди. Лекин Фарғона водийси каби ҳудудлар эътибордан четда қолиб кетмоқда. Шу боис, Фарғона водийсида туризмни ривожлантириш, тарихий меросни асраб-авайлаш мақсад қилиб олинган.
У ердаги нодир археологик топилмалар тадқиқот ишларига, музей фаолиятига жалб этилади. Бу ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар 3–4 йил давомида ўз самарасини бериши кутилмоқда", – дейди, Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов
Қайд этиш жоиз, илм-фан – жамият тараққиётининг муҳим устуни ва унинг ҳар бир ютуғи ҳаётимизга беқиёс ўзгаришларни улашиши муқаррардир.
М.Эшмирзаева, О.Пардаев, ЎзА