Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Марказий Осиёда гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олиш бўйича Европа Иттифоқининг “CADAP” дастури доирасида мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идораларига махсус техника ҳамда ускуналарни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари, “CADAP” дастури раҳбарлари ва мутахассислари, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Наркотик моддаларни назорат қилиш қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази вакиллари иштирок этди.
Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун Европа Иттифоқи вакилларига миннатдорлик билдирди.
2001 йилда ишга туширилган “CADAP” дастури Европа Иттифоқининг ташаббуси бўлиб, у Марказий Осиё мамлакатларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига ва уларнинг Европа давлатларига транзитига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган.
[gallery-23200]
Ўтган давр мобайнида мазкур дастур доирасида 800 нафардан ортиқ маҳаллий мутахассис Европа мамлакатларининг етакчи муассасаларида ҳамда ихтисослашган халқаро марказларида малака ошириб, тажриба алмашди.
Ўзбекистон Европа Иттифоқи мамлакатлари билан жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни юксак қадрлайди. Бу ҳамкорлик нафақат сиёсий соҳада, балки жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш борасида ҳам мустаҳкамланмоқда. Бу борада ўзаро манфаатли ҳамда тизимли ҳамкорлик давом эттирилади.
“CADAP - 7” дастури директори Эрнест Робелло тақдим этилган махсус техника ва ускуналар нафақат тегишли идораларнинг таҳлилий ва техник салоҳиятини кучайтиради, балки ҳамкорликни ҳамда реал вақт режимида маълумот алмашишни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратади.
Иштирокчилар синтетик гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг кескин ошганлиги ва ушбу соҳада интернет тармоғи, мессенжерлар ҳамда аноним тўлов тизимларидан актив фойдаланилаётгани билан боғлиқ замонавий таҳдидларга алоҳида эътибор қаратди.
Тадбир якунида томонлар “CADAP” дастури доирасидаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш трансмиллий гиёҳвандлик жиноятчилигига қарши самарали курашишга имкон яратишига ишонч билдирди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА