БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси жаҳон мамлакатларида ахборот жамияти қанчалик тараққий этаётганини белгилаб берувчи асосий кўрсаткичлардан биридир. Ушбу индекс аҳоли ва давлат ўртасида электрон мулоқотни кенгайтириш, хизматларни қулайлаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 193 давлат орасида ўрни изчил кўтарилиб, 2022 йилда 69-поғонадан жой олган бўлса, 2024 йилда 63-ўринни эгаллади. Электрон ҳукуматнинг ривожланиш индекси эса 0,79 ни ташкил этди. Илк маротаба Ўзбекистон баланд электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси гуруҳи (High EGDI)дан жуда баланд (Very High EGDI) гуруҳига қўшилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматовга “БМТнинг “Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси”да Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

— Мамлакатимизда иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий фаровонликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш, халқаро ҳамкорлар учун очиқ, шаффоф ва самарали муҳит яратиш каби долзарб масалалар электрон ҳукумат яратиш борасидаги ишларимиз билан боғлиқ, — деди депутат Бахтиёр Маниёзов. — Бу борада Ўзбекистон Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 730 дан ортиқ электрон хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Порталда фойдаланишлар сони ўтган йил якунига кўра 33 миллионни ташкил этган. У орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўллаш имконияти яратилди. Шу билан бирга, давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.
Ўзбекистон электрон ҳукумат соҳасида сезиларли ютуқларга эришган бўлса-да, рақамли инклюзия, очиқ маълумотлар сиёсати ва фуқароларнинг фаол иштироки каби соҳаларда айрим муаммолар мавжуд. Жумладан, “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси доирасида ҳужжатларнинг унификацияланган рақамли сервисларини жорий этиш ҳолати кечикмоқда. Шунингдек, ахборот тизимларини ўз сервер қурилмаларида сақлаб келаётган вазирлик ва идораларнинг тизимлари фаолиятида узилишлар кузатилмоқда. Айрим давлат идоралари томонидан эса электрон платформалар орқали олиш мумкин бўлган маълумотлар ҳанузгача қоғоз кўринишида аҳолидан сўраб олинмоқда, — деди депутат.
Шундан келиб чиқиб, мажлисда Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини яхшилаш, мамлакатда электрон ҳукумат тизимини янада самарали ташкил этиш, ушбу рейтингда ТОП-30 таликка кириш, Электрон ҳукумат соҳасида қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматовга парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА