Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви ҳамда “Маҳалла” телеканали ҳамкорлигида Миллий кино санъат саройида ёзувчи Вали Ғофуров ҳаёти ва ижодига бағишланган “Меҳрибонгинам” деб номланган ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди.
Турдиали Норматив сценарийси асосида тайёрланган мазкур фильм тақдимотида ёзувчининг фарзандлари, набиралари, таниқли ёзувчи ҳамда режиссёрлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Иккинчи жаҳон урушидан иккита кўзидан ажралиб қайтган Вали Ғофуров ўзида сабр, матонат топиб, брайл ёзувини ўрганади. Албатта, кўриш қобилиятини йўқотиш инсон учун ҳақиқий фожеа. Тақдирнинг зарбасини енгишга ёзувчининг яқин инсонлари кўмаклашади. Натижада Вали Ғофуровнинг игна билан ёзилган асар номини олган “Вафодор” романи яратилади. Ушбу китоб ўз даврида қўлма-қўл бўлиб севиб ўқилади. Нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатларда ҳам машҳур бўлади.
– Биз оилада саккизта фарзанд бўлганмиз, дадамнинг бирортамизни қаттиқ гапириб урушганларини эслолмайман, – дейди Умида Ғофурова. — Дадам жуда ҳам оғир-вазмин, босиқ инсон бўлган. Сал нарсага жаҳллари чиқиб, асабийлашмасди. Онам ҳам меҳрибон аёл эди. Айниқса, дадамни бошқача эъзозларди. Кўчага чиқишларидан олдин туфлиларини ялтиллатиб, ҳатто кўзойнакларини ҳам артиб, тозалаб озода кийимларини кийдириб, кейин чиқарардилар. Уйимизга ёрдам сўраб келганларнинг қўлини ҳеч қачон қуруқ қайтаришмаган. “Меҳрибонгинам” фильми жуда ёқди. Ҳозирги ёшларга ибрат бўлиши учун бундай фильмларни кўпроқ кўрсатиш керак.
Премьерадан сўнг таниқли режиссёрлар томонидан фильмнинг яратилиш жараёни, актёрлик маҳорати хусусидаги фикр-мулоҳазалар тингланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/lgG3wX4Clk0?si=r15tqpKKNqQfqVCm" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
А.Содиқов (видео), У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА