Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ҳисоб палатасининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев маъруза қилди:
– Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини давлатнинг мустақил ва холис аудит органи сифатида халқаро стандартлар асосида амалга оширмоқда. 2024 йил давомида Давлат бюджети ва унинг ижроси бўйича, тегишли вазирлик ва идораларда 59 та аудит текширувлари ўтказилди. Жумладан, 2025 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасига тегишли хулосалар берилди. Шунингдек, бюджет лойиҳасини такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Шу асосида 2025 йилги Давлат бюджет даромадлари 2,8 триллион сўмга оширилди. Бюджет харажатларини эса 1,7 триллион сўмга камайтириш имкониятлари аниқланиб, тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Шу билан бирга, маҳаллий бюджет даромад ва харажатларининг Давлат бюждетига мувофиқлиги текширувдан ўтказилди. 14 та ҳудуд бюджет лойиҳасида давлат дастурларида белгиланган чора-тадбирлар учун 2,1 триллион сўм кам маблағлар режалаштирилгани аниқланди.
Бугунги кунда “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилиниб, унга 37 та вазирлик ва идоранинг маълумотлар базалари интеграция қилинди. Тизимда 28 та хавф таҳлил механизмлари, 447 та модуллар ишга туширилди. Жумладан, ахборот тизими орқали қонунга зид бўлган давлат харидлари буюртмалари ва тўловларини онлайн тўхтатиш модули яратилди. Ахборот тизими орқали аниқланган хавф таҳлиллар вазирлик ва идораларга реал вақт режимида юборилиб, ижро назорати таъминланмоқда.

Шу билан бирга, давлат харидларида қонун бузилишларининг олдини олиш учун 2024 йилда 24 та аудит тадбирлари ўтказилди. Давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари доирасида 141,5 триллион сўмлик 1,7 миллионта шартнома имзоланган. Ўтказилган аудит тадбирлари давомида бюджет интизомига оид жами 720 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинди, — деди маърузачи.
Шунингдек, маърузада Ҳисоб палатасининг давлат молиявий назоратини рақамлаштириш, замонавий аудит ва назорат усулларини татбиқ этиш йўналишидаги фаолияти, давлат бюджетининг сарфланиши бўйича таҳлиллар юзасидан маълумотлар берилди.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади. Жумладан, халқ вакиллари шу йил 5 март куни коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда Президент томонидан давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномаларни 2 баробар камайтириш масаласи илгари сурилгани, бу борада қандай чоралар кўрилаётгани билан қизиқдилар.
Бунга жавобан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова бу борада янги фармон лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва унда давлат харидларида тўғридан-тўғри шартнома тузишга мораторий эълон қилиш назарда тутилгани ҳамда бу борада кўрилаётган бошқа чоралар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, давлат харидларида ўртача нархларни белгилаб берадиган ва ҳамма ҳудудда кўриниб турадиган рақамли тизим устида иш олиб борилаётганини таъкидлади. Рақобатли тарзда амалга оширилаётган давлат харидларида бюджет маблағлари иқтисод қилинаётганини қайд этди.
Депутат Анвархон Темиров Кабағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қуйидаги савол билан юзланди:
— Кабағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг асосий вазифаси аҳолини иш билан банд қилиш ва уларни камбағалликдан чиқаришдан иборат. Аммо берилган маълумотларга кўра, касб-ҳунар марказларида ўқитилган фуқароларнинг 30 фоизи иш билан таъминланмаган. Сарфланган бюджет маблағлари эса самарасиз кетяпти. Ҳудудлардаги бандлик марказлари режа тўлдириш учун ишлаётганга ўхшаяпти. Лекин режани тўлдириш учун маблағ ажратиш эмас, балки аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган, давлат сиёсатига муносиб иш олиб бориш керак. Вазирлик бу каби ҳолатларни ўрганяптими, қандай чоралар кўряпти?
Бунга жавобан Кабағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакили қуйидагиларни қайд этди:
— 2022-2023 йил ҳамда 2024 йилнинг 6 ойи давомида касб-ҳунар марказларида ўқитилганларнинг 30 фоизи иш билан таъминланмаганини ўрганганимизда, аксарияти ошпазлик, қандолатчилик ва тикувчиликка ўқитилган. Уларнинг аксарияти билан суҳбатлашилганда, улар даромад учун эмас, оиласи, ўзи учун ўргангани ёки айримлари турмушга чиққани, фарзанд тарбияси билан машғул эканлигини айтган. Эндиликда вазирлик томонидан бу тизим бутунлай янгиланди. Яъни, иш берувчининг талабига кўра, иш жойи аниқ бўлгандан кейин ўқитилади. Шу билан бирга, бугунги меҳнат бозорига мос келадиган 12 та касб-ҳунарларни ўқитиш йўлга қўйилди. Касбга ўқитиш ва аҳолини иш билан таъминлаш ишлари вазирликнинг назоратига олинди.
Муҳокамаларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракциялари аъзолари Ҳисоб палатасининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботига ўз муносабатларини, таклифларини билдирди. Қизғин муҳокама ва таклиф-тавсиялардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқланиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА