Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилишга қаратилган “Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади. Жиноятчиликка қарши курашишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқаролар мурожаатини тезкор ҳамда адолатли кўриб чиқишда янги имкониятлар яратилади.
Ҳуқуқни муҳафаза қилиш академиясининг рақамли криминалистика илмий тадқиқот институти бошлиғи Ғайрат Мусаев ушбу қарор мазмун-моҳияти ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
– Давлатимиз раҳбарининг янги қарори асосида ички ишлар органларида замонавий рақамли экотизимни яратиш вазифаси белгиланди. Бугунги глобаллашув ахборот технологиялари даврида ички ишлар органлари ҳам замон талабларига мувофиқ равишда рақамли тизимлардан фойдаланиб иш олиб боради.
Қарор билан 2025 -2027 йилларда ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди. Жумладан, ички ишлар органларининг ахборот инфратузилмасини сунъий интеллект асосида ягона тизимга бирлаштириб, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлиги оширилади.
Рақамли технологиялар бўйича бўлинмалар фаолиятини ягона тизим асосида мувофиқлаштириш ва юқори малакали мутахассислардан иборат рақамли жамоат иши шакллантирилади. Жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар статистикасини автоматлаштириш ва таҳлил жараёнида инсон омили чекланади.
Ҳуқуқий статистика ва маълумотлардан фойдаланиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилади ҳамда ахборот хавфсизлиги таъминланади.
Соҳада ахборот технологиялари мутахассислари киберхавфсизлик бўйича экспертлар, дастурчилар ва аналитик кадрларга эҳтиёж жуда катта. Шу сабабли, кадр тайёрлаш тизими ҳам тубдан янгиланади.
Ички ишлар органлари ходимлари учун махсус курслар, тренинглар ва сертификатлаштириш дастурлари йўлга қўйилади. Ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларни соҳада тўлиқ намойиш этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Мазкур қарор нафақат ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, балки мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси таркибида ташкил этилган Рақамли криминалистика илмий-услубий маркази кибержиноятларни тергов қилиш усуллари, интернет тармоғидан маълумотларни йиғиш, рақамли криминалистиканинг махсус дастурий таъминотларни ишлатиш йўналишлари бўйича ўқув, ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширмоқда.
Кейинги пайтда киберҳуқуқни такомиллаштириш бўйича изчил ишлар қилинмоқда. Қабул қилинган қарор асосида фаолиятимизни янада ривожлантириш ва кенгайтириш вазифаси турибди. Бу борада барча зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.
Кибержиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий технологияларини ўрганиш, кибермакондаги таҳдидларга фаол жавоб бериш билан боғлиқ услубий, илмий, таҳлилий фаолият янада кучайтирилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА