Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида 64 та, филиаллари билан ҳисоблаганда 80 та Касбий кўникма марказлари фаолият юритмоқда. Ушбу муассасалар йилига 250 минг ўқувчини тайёрлаш имкониятига эга.
Худди шундай касб-ҳунарга ўқитаётган ташкилотлардан бири – Урганч шаҳрида янги ташкил этилган Касбий кўникмалар минтақавий маркази. Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICAнинг 9 миллион долларлик грант маблағлари ҳисобидан қурилган мазкур мажмуада ҳам бўлди.
Қайд этиш керак, марказ йилига 300 нафар тингловчини 6 ойлик касбий тайёргарлик курсларида ўқитиш имкониятига эга. Президент ўқув-машғулот хоналарини кириб кўрди. Меҳмонхона йўналишида сабоқ олаётган ёшлар билан самимий суҳбатлашди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов ЎзА мухбири билан суҳбатда муассаса фаолияти, ўқитувчи ва ўқувчилар салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар хусусида фикр билдирди. Шунингдек, вазир давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқларга алоҳида тўхталди:
– Президентимиз Урганч шаҳрида янгидан ташкил этилган Хоразм вилояти Касбий кўникмалар минтақавий маркази фаолияти билан яқиндан танишар экан, 10 та йўналишда таҳсил олаётган ўқувчилар билан ҳам учрашди, – дейди Ботир Зоҳидов. – Давлатимиз раҳбарига KOICA билан биргаликда ташкил этилаётган бешинчи лойиҳа фаолияти, жумладан, ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот бердик.
Ташриф доирасида таълим сифатини ошириш юзасидан қатор топшириқлар олдик: ўқитувчилар салоҳиятини ривожоантириш, ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, жаҳон стандартларига жавоб берадиган мутахассислар етиштириш зарурлиги таъкидланди.
KOICA билан яна бир муҳим лойиҳани амалга оширяпмиз. Жумладан, Республикадаги барча Касбий кўникмалар марказлари ўқитувчилари малакасини оширишга қаратилган дастур ишлаб чиққанмиз, бу сентябрь ойида ишга тушиши режалаштирилган. Президент қатор мамлакатлар сингари бизнинг давлатимизда ҳам электромобилларга эҳтиёж ва эътибор ортиб бораётганини, аммо бу борада ҳали мутахассислар етишмаслигини таъкидлаб ўтдилар. Ушбу марказ айнан шу соҳада малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган.
Видеолавҳани ЎзАнинг YouTube ижтимоий тармоғида томоша қилинг.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7YRjnJPIqWw" title="Botir Zohidov: Kasbiy ko`nikma markazlarida yiliga 250 ming o`quvchi tayyorlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео), ЎзА