Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректор Илҳомжон Тўхтасинов бошчилигидаги делегация Аргентина Республикасида бўлди. Жорий йил Самарқандда бўлиб ўтадиган UNESCО Бош Ассамблеяси 43-сессиясига тайёргарлик доирасида ташкил этилган мазкур сафар таълим, илмий тадқиқот йўналишларидаги ҳамкорликни, маданий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилади.
Лотин Америкасининг ушбу давлати етакчи олий таълим муассасалари – "Universidad Nacional de Mar del Plata" (UNMdP), "Universidad de Buenos Aires" (UBA) ва "Kordoba" миллий университетлари (КМУ) масъул раҳбарлари билан учрашувларда изчил алоқаларни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.


Томонлар имзолаган меморандумлар талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳалар амалга ошириш ҳамда Марказий Осиё ва Лотин Америкаси тиллари бўйича тадқиқотлар олиб боришни назарда тутади. Масалан, UBA ҳузуридаги Фалсафа, тил ва адабиёт факультети билан тузилган шартнома академик мобиллик, қўшма таълим дастурлари ва илмий интеграцияни кучайтиришга хизмат қилади. Кордоба университетида ўтказилган учрашув эса минтақадаги энг қадимий олийгоҳлардан бири билан дўстона алоқа ўрнатиш имконини берди.


Эътиборли жиҳати, ташриф доирасида Мар дел Плата, Буэнос Айрес ва Кордоба шаҳарларида “Ўзбекистон: Бебаҳо маданий мерос” мавзусида маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, халқимизнинг буюк алломалари, миллий либослари, сўзана, ҳунармандлик буюмлари, халқ чолғу асбоблари ва миллий таомлари намойиш этилди. Ўзбек палови, миллий рақс ва куй-қўшиқларимиз Аргентина жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, КМУдаги кўргазма Ватанимиз байроғи, миллий анъаналари ва маданий қадриятларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Қайд этиш жоиз, мазкур тадбирлар орқали мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги ютуқлари, илмий салоҳияти ва маданий мероси фаол тарғиб қилинди.
ЎзДЖТУ ва Аргентинанинг нуфузли олий ўқув юртлари ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик ҳамюртларимиз, айниқса ёшлар учун янги имкониятлар очади. Самарали мулоқотлар эса Ўзбекистоннинг халқаро майдонидаги мавқеини ошириш баробарида икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашга кўмаклашиши шубҳасиз.
Гўзал Сатторова, ЎзА