Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳаёт бўлганида 96 баҳорни қарши олган бўлар эди.
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Тошкент кимё-технологиялари институти ҳамкорлигида шоир ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўткаазилди.
Ибройим оғанинг “Бахт лирикаси”, “Кунчиқар йўловчисига”, “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”, “Тўмарис”, “Кўнгилдаги кенг дунё” каби қатор шеърий китобларини халқимиз севиб ўқимоқда.
– Биз қорақалпоқлар билан битта заминда яшаб келаётган қондош, жондош халқмиз, – деди таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон. – Ўзбек ва қорақалпоқ адиблари ўртасида чинакам ижодий ҳамкорлик бор. Икки халқнинг адабиёти муштарак илдизларга эга. Ибройим оға нафақат шоир сифатида, балки яхши инсон сифатида ҳам қалбларимизда сақланиб қолди. Унинг шеъриятига бўлган меҳрим, қизиқишим туфайли кўпгина асарларини ўзбек тилига ўгирдим. Унинг шеърияти халқпарварлик, ватанпарварлик туйғулари билан суғорилганки, бу шеъриятнинг сеҳри ҳар қандай ўқувчини ўзига жалб этади.
Маълумотларга кўра, Ибройим Юсупов 1929 йили Чимбой туманидаги Озод қишлоғида таваллуд топди. 1949 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институтини битиргач, 1961 йилгача шу олий даргоҳда ўқитувчи бўлиб ишлади. 1961–1962 йилларда “Амударё” журналининг бош муҳаррири, кейинги уч йил мобайнида Нажим Довқораев номидаги тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1965–1980 йилларида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, 1980–1988 йилларда “Эркин Қорақалпоғистон” (собиқ “Совет Қорақалпоғистони”) газетасида бош муҳаррир, шунингдек, кейинги йилларда Тинчлик қўмитасининг Қорақалпоғистон бўлимига (1988–1994), Республика Маънавият ва маърифат марказига (1994–2000) раислик қилди.
Унинг шеърлари ўтган асрнинг 40-йилларда матбуотда эълон қилина бошланди.
Шоирнинг илк асари “Ватаним” шеъри 1946 йилда эълон қилинган. Кейинчалик “Бахт лирикаси” (1955), “Кунчиқар йўловчисига” (1959), “Ўйлар” (1960), “Етти наво” (1962), “Дала орзулари” (1966), “Кўнгил кўнгилдан сув ичар” (1971), “Тўмарис” (1974), “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё” (1987), “Тузли шамоллар” (1988), “Кўнгилдаги кенг дунё” (1989), “Беклигингни бузма сен…” (1995), “Ҳар кимнинг ўз замони бор” (2004) каби шеърий тўпламлари нашр этилди. Унинг икки жилдлик “Танланган асарлар” тўпламлари икки маротаба – 1978–79 ва 1992 йилларда нашр қилинган. Турли йилларда чоп этилган тўпламларда шоирнинг “Ўртоқ муаллим”, “Акация гуллаган ерда”, “Актрисанинг иқболи”, “Гиламчи аёл”, “Эски фаввора эртаги”, “Дала армонлари”, “Тўмарис”, “Фаришта ой”, “Посейдоннинг ғазаби”, “Ватан тупроғи” ва бошқа достон (поэма)лари эълон қилинган.
Бундан ташқари Ибройим Юсупов бир қатор пьеса ва публицистик мақолаларнинг ҳам муаллифи эди.
Шоир кўплаб қардош халқлар ва жаҳон адабиёти мумтоз шоирлар асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилиб, сайрата олган таржимон эди. У Пушкин, Лермонтов, Шевченко, Байрон, Гёте, Гейне, Шиллер шеърларини, Шекспир сонетларини, Алишер Навоий, Ҳофиз Шерозий ғазалларини, Умар Хайём рубоийларини қорақалпоқ тилига юксак маҳорат билан таржима қилган.
Ибройим Юсупов наср ва драматургия соҳасида ҳам қалам тебратди. 1963 йилда унинг “Қари тутнинг кузи” номли ҳикоялар, очерк ва публицистик мақолалар тўплами босмадан чиқди. Шоир “Қирқ қиз” пьесасини, (Амет Шомуратов билан биргаликда), 1966 йилда “Ўмирбек лаққи” комедиясини, 1986 йили “Искандар подшонинг туши” драмасини, 1973 йили “Ажиниёз” операси либреттосини яратди.
Устоз ижодкор адабий таҳлил, шеъриятнинг мунозарали муаммолари, бадиий таржима масалаларига бағишлаб бир қанча мазмундор мақолалар ёзиб, замонавий қорақалпоқ адабиётшунослиги фанига ҳам улкан ҳисса қўшди.
Адабиётшунос олимларга кўра, ўзбек адабиёти билан абадий дўстлик мавзуси Ибройим Юсупов ижодидаги энг ёрқин саҳифаларни ташкил қилади.
Тадбирда талабалар, адабиёт мухлислари Ибройим Юсупов ижодидан намуналар ўқиди. Қизиқарли бадиий-мусиқий дастурни тадбир қатнашчилари эътиборига ҳавола этди.
Ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Н.Усмонова, ЎзА