Тошкент вилоятида барпо этилаётган Янги Тошкент Янги Ўзбекистоннинг юксак тараққиёт даражаси ва салоҳиятига ҳар томонлама мос бўлган йирик мегаполис, дунёдаги энг гўзал ва жозибадор шаҳарлардан бири бўлади.
Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2023 йилнинг 18 март куни Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйилди. 2023 йил 20 июлдаги тегишли Президент қарорига асосан Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 720,9 гектар ер майдони танлаб олиниб, дастлабки босқичда 2 420 гектар ер майдонида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Айни пайтда Янги Тошкентни барпо этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? АОКАда ўтказилган брифингда Янги Тошкент дирекцияси ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Нурматова бу ҳақда батафсил маълумот берди:
– Буюк Британиянинг “Cross-works” компанияси томонидан ишлаб чиқилган концепциянинг маҳаллий шароитга мослашуви ва Тошкент шаҳри билан логистик боғланиш ечимлари мос келгани боис, иккинчи босқичда лойиҳалаш ишлари бўйича бош режани якунига етказишда Буюк Британиянинг “Cross-works” компанияси танланган.

Янги Тошкент шаҳрини ривожлантириш стратегияси; Биринчи босқич сифатида танланган 6000 гектар майдон бош режаси; 2420 гектар ер майдони учун батафсил режалаштириш лойиҳаси; Муҳандислик тармоқлари концепцияси; Ҳудудларни ободонлаштириш ва ландшафт дизайни концепцияси; Жамоат жойларининг меъморий дизайн кодлари; Транспорт оқимларини моделлаштириш, жамоат транспорти концепцияси тасдиқланган. Биринчи босқичда аукцион савдолари орқали реализация қилинадиган ер участкаларига электр энергияси истеъмоли, сув истеъмоли ва ёмғир сувларини йиғиш ҳамда яшил қурилиш стандартлари бўйича алоҳида техник шартлар ишлаб чиқилган.
Айни пайтда ҳудудда ижтимоий, ўқув ва маданият мажмуалари қурилиши жадал олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон миллий кутубхонаси объекти ҳудуди тўлиқ вақтинчалик профнастил деворлар билан ўралди, ишчи-хизматчилар учун яшаш шаҳарчаси, ошхона, очиқ ва ёпиқ омборхоналар битказилди, 4 та скважина қазилиб ишга туширилди, объект периметри бўйича видеокузатув камералари ўрнатилди, бино бўйича ер қазиш ва фундаментига монолит бетон қуйиш ишлари якунланди. 4 қаватда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Янги Ўзбекистон университети объекти ҳудудида мобилизация ишлари тўлиқ бажарилди, шоврум қуриб битказилди, ҳудуд тўлиқ вақтинчалик профнастил деворлар билан ўралди, ишчи-хизматчилар учун яшаш шаҳарчаси, ошхона, очиқ ва ёпиқ омборхоналар битказилди, объект периметри бўйича видеокузатув камералари ўрнатилди, бино бўйича ер қазиш ва фундаментига монолит бетон қуйиш ишлари якунланди. 4 қаватда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Низомий номидаги педагогика университети объекти ҳудудида мобилизация ишлари тўлиқ бажарилди, шоврум қуриб битказилди, асосий бино учун ер қазиш ва монолит бетон қуйиш ишлари якунланди. Ер усти қаватларнинг қурилиши давом этмоқда, 4 этаж ораёпма ишлари бажарилмоқда.
Алишер Навоий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази, музейи ва ихтисослаштирилган мактаб ва мақом маркази буйича “Zaha Hadid” компанияси томонидан тайёрланган концепция тасдиқланди Унинг асосида схематик дизайн, дизайн девелопмент, ишчи лойиҳани текшириш ва қурилиш жараёнида архитектуравий назоратни амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди. Объект ҳудуди тўлиқ вақтинчалик профнастил деворлар билан ўралган.
Вазирлик ва идоралар учун вақтинчалик бино ва иншоотларнинг қурилиши мўлжалланиб, бугунги кунда улар учун 8 та бинонинг (жами 2000 ходимга мўлжалланган) қурилиш ишлари якунланиш арафасида.
Кўчатхона (Питомник) лойиҳаси бўйича лойиҳалаш ишлари якунланиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказилди. Бугунги кунда 9 гектар майдонга 10 хил турдаги 27 000 дона манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Соҳил бўйи боғи (соҳил буйи жами 100 га) лойиҳасида сунъий каналлар қурилиши бошланди: 105 000 м3 қазиш ишлари бажарилди, бетон ишлари амалга оширилмоқда, боғ бўйича 15 гектар жойга 5000 дона манзарали дарахтлар экилди.
“Муҳандислик тармоқлари учун ер ости галереяcи” лойиҳаси трассасида 3000 метр ер ишлари, 1500 метр коммуникацион коллектор тармоғи қурилган. 2025-2026 йилларда 30 км. трасса фойдланишга топширилади. Ер ости метро туннели бўйича ер ишлари ва ер ости автотураргох лойиҳасида эса ер ишлари якунланиб, фундамент ишлари жадал амалга оширилмоқда.
2024 йилнинг ўтган даврида Янги Тошкент лойиҳасига салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида 70 дан ортиқ хорижий компания вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, Дирекция томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 июлдаги қарорига мувофиқ (буюртмачи сифатида) жами ер майдони 30,6 гектар бўлган 14 та лот ижара ҳуқуқи асосида «E-auksion» платформаси орқали (ҳар бир лойиҳага алоҳида техник шарт асосида) кўп қаватли турар-жойлар қуриш учун аукцион савдоларида 310,8 млрд. сўмга реализация қилинди. Аукцион савдоларида маҳаллий ва хорижий компаниялар иштирок этди. Шу жумладан, хорижий капитал иштирокидаги қўшма корхоналар ҳам ғолиб деб топилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА