Ижтимоий тармоқларда "Чилпиқ археология ёдгорлиги маданий мерос бошқармасига қанчалик қадрли? Қорақалпоғистон халқига-чи?" деган сарлавҳа остида билдирилган фикрлар юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий изоҳ берди.
Агентлик хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида жойлашган "Чилпиқ" археологик ёдгорлиги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сонли қарори билан миллий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
Бугунги кунда "Чилпиқ" — Қорақалпоғистоннинг энг машҳур тарихий обидаларидан бири бўлиб, республика давлат гербида ҳам тасвирланган. Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар орасида кенг эътиборга эга бўлган бу ёдгорликка ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ёдгорликка олиб борувчи йўллар инфратузилмаси яхшиланган, зинапоя барпо этилиб, ташриф буюрувчиларга қулайликлар яратилган.
"Чилпиқ" биринчи бор 1940 йилда СССР Фанлар Академиясининг Хоразм илмий-археологик экспедицияси томонидан, Сергей Толстов ва Яҳё Ғуломов раҳбарлигида ўрганилган. Айлана шаклидаги бу қадимий иншоот қалин пахса девор билан ўралган бўлиб, кириш учун махсус очиқ йўл қолдирилган. Маҳаллий аҳоли бу жойнинг пайдо бўлишини турли афсоналар билан боғлайди.
2025 йилнинг 4–6 апрель кунлари бўлиб ўтган Орол маданият саммити доирасида "Чилпиқ" ёдгорлиги фонида очиқ осмон остида катта концерт ўтказилди. Бу тадбир унинг тарихий ва маданий аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
"Чилпиқ" бугунги кунда нафақат археологлар, балки тарих, маданият ва санъат ихлосмандлари учун ҳам бебаҳо мерос ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА