Урганчдан Хива шаҳрига кириб келяпмиз. Очиқ осмон остидаги музей шаҳар – “Ичан қалъа”га яқинлашаяпмиз. Шу паллада катта йўлнинг ўнг томонида яна бир янги улкан мажмуа – “Арда Хива” кўринади. Хаёлда бир фикр айланади – энди бу қадим кентнинг икки гавҳари бор.
Кейинги йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар бугун самара бермоқда.
Буни ҳудудга хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврга нисбатан ўттиз баробар кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Соҳадаги ўзгаришлар ҳисобига вилоят туризм хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан ўтган йилда 380 миллион долларга етди.
Сир эмас, илгари ҳудуд туризми ҳақида гапирилганда кўпчилик фақат Ичан қалъани хаёлига келтирар эди. Кейинги вақтларда бу борадаги қарашлар бутунлай ўзгарди. Сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик маршрут ишлаб чиқилди ва уларнинг умумий сони юзтага етказилди.
Хоразм шундай заминки, бунда инсон шуури сеҳрли диёрда юрганини ич-ичдан ҳис қилиб туради. Хаёлда беихтиёр Президентнинг вилоятга ўтган йиллардаги ташрифи гавдаланади.
Ўтган йилнинг 29 феврали. Президент Хоразмда. Ўшанда улкан иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоот – Амударёда янги кўприк очилган.
Шу йилнинг 2 май санаси. Давлат раҳбари яна Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Бу гал сўзимиз бошида таъкидлаганимиз – Хивада улкан комплекс, “Арда Хива” туризм мажмуаси очилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Президент иштирок этди. Унда вилоятнинг буюк ўтмиши ва бугунги туризм салоҳияти ҳақида сўз борди.
Бир сўз билан айтганда бу сана элнинг ёдидан чиқамайдиган, тасаввурларни милоддан аввалги йилларга ва нурли келажакка олиб кета оладиган воқеаларга бой бўлди.
– Бу Хоразмда қисқа давр – бир йилда қурилган гўзал ансамбль, – дейди Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Саидов. – У қадим кент ичра яна бир бетакрор шаҳар бўлди. Мазкур маскан меъморий ечими билан ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган ноёб лойиҳа саналади. Шаҳарча ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонга қурилди. Мажмуанинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани, бу майдонларда эса яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади. Бугунги кунда бу ерда халқ сайллари бўлиб ўтмоқда. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари ташкил этилди. Шарқона бозор расталаридан ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар жой олади.
Дарҳақиқат, бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик яратилди. Хусусан, қадимий шаҳар муҳитини берувчи объектлар, жами минг ўриндан ортиқ қатор меҳмонхоналар қурилди. Очиқ-ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, уч минг ўринли амфитеатр ва мусиқали фаввора барпо этилди.
Шунингдек, тарихий қиёфадаги 11 та ҳунарманд уйи, шарқона бозор, “Кўҳна Урганч” музейи ҳудудга ўзгача руҳ бериб турибди. Кўприклар, тўрт километрлик соҳил бўйи ҳамда икки километрлик қайиқда сайр қилиш учун қурилган канал шаҳар меъморий ечимига уйғунлаштирилди.
Бешта кинотеатр ва концерт зали, кўплаб ресторанлар, парк, заргарлик маркази, савдо дўконлари ва расталари, сув мото-туризми объектлари ҳамда автотураргоҳ замонавий талабларга мос тарзда қурилди.
Туризм маркази ҳудудидаги барча объектлар учун ягона – совитиш, иситиш тизими барпо этилди. Электр энергияси таъминоти учун қуёш панеллари ўрнатилди.
Дарҳақиқат, мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга. Муҳими лойиҳа натижасида икки мингдан зиёд иш ўрни яратилмоқда.
“Арда Хива” Самарқанд Халқаро туризм маркази, Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” маданият ва истироҳат боғи, Андижондаги Бобур шаҳри каби шу ҳудуднинг замонавий “ташриф қоғоз”ларидан бирига айланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/3ccKTsKWEts?si=_IdGU_IPFp6OsVwV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири