Ватанимиз тарихидаги 5 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1506 йил (бундан 519 йил олдин) – Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро сактаи қалб касали туфайли оламдан ўтди. Ҳусайн Бойқаро ўзи қурдирган мадраса ичидаги мақбарага дафн этилган. Ҳозир мақбара вайрон бўлган, қабр ва унинг устига ўрнатилган “Санги ҳафт қалам” сақланиб қолган.
Ҳусайн Бойқаро темурийлар орасида анча шижоатли ва маърифатли, шариатга қатъий амал қилган ҳукмдор бўлган. У Хуросонда ҳокимиятни эгаллагач, асосий эътиборни мамлакатда тинчлик, осойишталикни қарор топтириш, ички ҳудудий низолар, зиддиятларни бартараф этиш ва марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга қаратган. У ўлкада маданий-маърифий ва ободончилик ишларини ривожлантиришга алоҳида рағбат кўрсатган.
Унинг даврида Ҳирот Шарқнинг фан, маданият, ҳунармандчилик ривожланган йирик марказига айланган: турли мамлакатлардан истеъдод соҳиблари Ҳиротга паноҳ ахтариб келганлар. Ҳусайн Бойқаро туркий тилда ёзишни рағбатлантирган ва шунга даъват қилган. Ўзи ҳам бадиий ижод билан шуғулланиб, “Ҳусайний” тахаллуси билан шеърлар ёзган, шеърият мажлислари ташкил этиб, шоирларга раҳнамолик қилган.
1910 йил (бундан 115 йил олдин) – адабиётшунос, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳамид Сулаймонов таваллуд топди (вафоти 1979 йил). У 1959 йилда Алишер Навоийнинг “Бадое ул-бидоя”, “Наводир ун-ниҳоя” девонлари қўлёзмаларини топиб, улар Навоий томонидан тузилганлигини исботлади. Кейинчалик Франциядан “Девони Фоний” қўлёзмаларини топиб, фотонусха асосида нашр эттирди.
1916 йил (бундан 109 йил олдин) – композитор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти Мутал (Мутаваккил) Бурхонов таваллуд топди (вафоти 2002 йил). У 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасини ёзди (Ўзбекистоннинг илгариги – 1947, 1978 йиллардаги Давлат мадҳиялари мусиқасини ҳам Мутал Бурхонов яратган). У 2001 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Янги Бухоро (Когон) шаҳрида Фитрат ва Камолиддин Нўғай саъй-харакатлари билан “Кўҳна туркба” номли уч пардали драма қўйилди. Спектакль намойиши маҳаллий аҳолида жуда катта қизикиш уйғотган ва катта олқишларга сазовор бўлган. Шу куни томошадан тушган 786 сўм соф фойда “Шўрои Исломия” жамияти хазинасига берилган.
1927 йил (бундан 98 йил олдин) – шахмат бўйича Марказий Осиёдаги биринчи спорт устаси, 4 марта Ўзбекистон чемпиони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, халқаро тоифадаги ҳакам Мамажон Муҳитдинов таваллуд топди (вафоти 2002 йил). У 1949 йилда Тошкент темирйўл транспорти муҳандислари институтини тугатгач, 1949–1960 йилларда темирйўл бошқармасида муҳандис, 1960–1971 йилларда эса республика ўқувчилар саройи ва мамлакат шахмат терма жамоасида катта мураббий бўлиб ишлади.
Мамажон Муҳитдинов 1971–1981 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтида илмий ходим сифатида фаолият юритди. Ўзбекистонда шахмат маданияти тарихи мавзусида тадқиқотлар олиб борди. “Шарқ – шахмат ватани”, “Ўзбекистонда шахматчилик”, “Соҳибқирон дона сурганда” каби китоблар ёзди. У 1997 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
1929 йил (бундан 96 йил олдин) – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов таваллуд топди (вафоти 2008 йил). У 1965–1980 йилларда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган. Унинг ўттиздан ортиқ шеърий ва насрий тўпламлари чиққан.
1933 йил (бундан 92 йил олдин) – Ўзбекистон ёзувчиларининг биринчи ташкилий қурултойи бўлиб ўтди ва қурултойда Ўзбекистондаги барча қаламкашлар учун ягона Ёзувчилар уюшмасини тузиш масалалари кўриб чиқилди.
1968 йил (бундан 57 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академияси президиумининг кенгайтирилган мажлисида академиянинг вице-президенти Иброҳим Мўминов Амир Темур фаолияти ҳақида маъруза қилди. У Соҳибқироннинг фаолиятини бирма-бир шарҳлаб, уни машҳур давлат арбоби, моҳир лашкарбоши ва тараққийпарвар шахс сифатида таърифлади. Иброҳим Мўминов тарихни сохталаштиришга қарши биринчилардан бўлиб дадил ва ошкора бош кўтарган олим эди.
Ўша йиғилишда иштирок этган тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг қайд этишича, қаттиқ назорат ва таъқиб ҳукм сураётган оғир шароитда мустақиллик рамзи ҳисобланган – Амир Темурни “оқлаш” ҳақида ошкора ёзиш ҳазил гап бўлмаган. Бунинг учун ватанпарвар, миллатпарвар ва жасоратли бўлиш зарур эди. Иброҳим Мўминов худди шундай олим сифатида ўзини кўрсатди. Унинг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” китоби нашр этилганда ўзбек халқида ғурурланиш ва фахрланиш туйғулари уйғонди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистоннинг олий даражадаги унвони – “Ўзбекистон Қаҳрамони”, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Мустақиллик” ва “Дўстлик” орденлари, “Жасорат” ва “Шуҳрат” медаллари таъсис этилди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Конфессиялар ишлари кенгашининг таъсис йиғилиши ўтказилди.
2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қилинди.
2010 йил (бундан 15 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«XXI аср технологиялари» журналини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қилинди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон давлат симфоник оркестрини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА