Ўзбекистоннинг дурдона шаҳарларидан бири, очиқ осмон остидаги музей деб эътироф этилган қадимий Хивада IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали юксак савияда бўлиб ўтди. Унда халқаро ташкилотлар ва қардош мамлакатлар вакиллари, дунёнинг қирқдан зиёд давлатидан халқ ижодиёти намояндалари, атоқли маданият ва санъат арбоблари иштирок этди.
Фестиваль ЮНEСКО ва АЙСEСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар шафелигида ўтказилагани бу санъат байрамининг халқаро аҳамиятини янада оширди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган табригида эътироф этилганидек, халқаро нуфузи тобора ортиб бораётган мазкур анжуман бу йил кўҳна Шарқ гавҳари – бетакрор Хоразм диёрида ўтказилгани унга ўзгача руҳ ва мазмун бағишлади. Бу ўлканинг достончилик мактаби ғоят қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, “Лазги” каби дунёга машҳур мумтоз куй-қўшиқлари, гўзал рақслари айнан шу азим дарёдан озиқланиб келмоқда, десак, тўғри бўлади. Бу қутлуғ заминдан етишиб чиққан Ўзбекистон халқ бахшилари “Бола бахши” – Қурбонназар Абдуллаев, “Қаландар бахши” – Рўзимбой Норматов, Абдулла Қурбонназаров, Етмишбой Абдуллаев каби ёрқин овоз ва истеъдод соҳиблари томонидан юксак пардаларда куйланган “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Алпомиш” ва “Хирмондали” каби халқ достонлари миллий маданиятимизнинг ўлмас дурдоналари сифатида маънавиятимиз хазинасидан мустаҳкам жой эгаллаганини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз ва бахшичилик санъатининг бугунги давомчиларига ижодий ютуқ ва равнақ тилаймиз.
Дарҳақиқат, юртимиз тамаддунида бахшичилик санъати алоҳида ўрин эгаллайди. Бахшичилик — асрлар давомида халқимизнинг мусиқа ва фольклор анъаналарини авлоддан авлодга етказаётган миллий санъат турларидандир. Зотан, ҳар қандай миллатнинг асл тарихи ва маданияти, биринчи навбатда, оғзаки ижодий иши, фольклори, халқ эпоси билан ифодаланади. Фольклор бу миллий қадриятлар ва анъаналарни сақлаш ҳамда ривожлантиришда бебаҳо манбадир.
Шунинг учун ҳам Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан юртимизда ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш анъанага айланди.
Шу асосда 2019 йилнинг 5–10 апрель кунлари I Халқаро бахшичилик санъати фестивали Термиз шаҳрида, II Халқаро бахшичилик санъати фестивали 2021 йил 17–20 сентябрь кунлари Нукусда, III Халқаро бахшичилик санъати фестивали 2023 йил 6–8 май кунлари Гулистон шаҳрида ўтказилди. Зеро, улғайиб келаётган ёшлар замонавий билимлар, илғор технологиялар, бир нечта хорижий тилларни эгаллаши билан бирга кимларнинг авлодлари эканини, ўз маънавий илдизларини, қандай бой ва бетакрор мероснинг эгаси эканликларини теран англаши, бу меросни авайлаши муҳимдир.
ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилган бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми сифатида тан олинган. Энг муҳими, халқимизнинг миллий ўзлигини, анъаналарини ўзида мужассам этган бу юксак санъат турининг маънавиятимиз, ёшлар тарбиясидаги ўрни беқиёсдир.
Бундай муҳташам тарих ва бебаҳо маданий мерос – ўзбек бахшичилигининг дунёда, айниқса, Туркий дунёдаги ўрни беқиёслиги учун ҳам қардошларимизнинг мазкур фестивалга эҳтироми жуда юксак.
Фестивал доирасида ўтказилган IV Туркий дунё маданияти форуми ҳамда Халқаро илмий-амалий анжуманда Озарбайжон маданият вазири Адил Габил ўғли, ТУРКСОЙ Бош котиби Султонбай Акимович, Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти Актоти Раҳматуллаевна, Халқаро туркий академия президенти Шаҳин Абдуллоҳ ўғли, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси Бош котиби Меҳмет Сурейя Эр, Қирғиз маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Гулбара Кадирбековна ва бошқа меҳмонларимиз иштирок этди.
Мамлакатимизнинг кўзга кўринган зиёлилари билан бирга, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон, Иордания, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Германия каби 40 дан ортиқ давлатнинг олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда фан, таълим, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги етук олимлари, таниқли мутахассислари ўз маърузалари билан қатнашди.
Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, фестивалнинг ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хивада ўтказилгани алоҳида рамзий маъно касб этди. Зеро, бу гўзал шаҳар 2020 йилда “Туркий дунёнинг маданий пойтахти”, 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” сифатида эътироф этилган. Хива – нафақат умумжаҳон меросига тааллуқли ноёб тарихий обидалар, балки қадимдан илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ривожида катта ўрин тутган муҳим манзилларимиздан биридир.
Эътироф этиш ўринлики, кейинги йилларда қардош ўлкаларда ташкил этилаётган йирик анжуманлар, уларда илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар маънавий бирлигимизни таъминлаш, муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқларимиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Жумладан, Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида ўтказилган Биринчи туркий дунё маданияти форуми дўстона алоқаларимизни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ўзбекистон туркий мамлакатлар доирасидаги тадбирлар ва лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Юртимизда бу борада маданият ва санъат кунлари, ёшлар ва театр фестиваллари, ижодий форумлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Туркий тиллар ва адабиётлар ривожига бағишланган халқаро конференцияларда мамлакатимиз олим ва ижодкорлари фаол қатнашмоқда. Ана шу ҳамкорликнинг амалий самараси сифатида “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми ўзбек тилида нашр этилди. Унга Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия давлатларидан жами 450 дан зиёд мумтоз ва замонавий шоир, адиб ва мутафаккирларнинг асарлари киритилди.
Мажмуанинг “Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланган дастлабки 5 жилдини қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний ва Носириддин Рабғузий асарлари ташкил этган бўлса, “Ўзбек адабиёти намуналари” деб номланган жилдларидан Алишер Навоийдан бошлаб то бугунги кунга қадар қалам тебратиб келаётган ўзбек адабиёти намояндаларининг дурдона асарлари ўрин олган.
Ўзбекистон етакчисининг ташаббуси билан туркий дунёнинг сиёсат, илм-фан, тиббиёт, адабиёт ва санъат соҳаларида улкан ютуқларга эришган намояндаларини рағбатлантириш мақсадида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани ҳам маданий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.
Яна бир муҳим жиҳат: яқин вақт ичида Ўзбекистон Туркий маданият ва мерос жамғармасига тўлақонли аъзо бўлиб киради. Ҳозирда бу борада амалий ишларга киришилган. Бу моддий ва номоддий маданий меросимизни асраб-авайлаш, илмий тадқиқ этиш ва кенг тарғиб этишда янги уфқлар очиши шубҳасиз.
Бугунги глобаллашув даврида, инсон маданияти ва маънавиятига, айниқса, ёшлар онгига турли таҳдидлар кучайиб, асл санъат ўрнини “оммавий маданият”, таъбир жоиз бўлса, “маданиятсиз маданият” эгаллаб бораётган ҳозирги шароитда мумтоз санъатни, халқ ижодиётининг нодир намуналарини асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодларга безавол етказиш ўта муҳим масаладир.
Ўзбекистонда халқ оғзаки ижодининг гўзал ва бетакрор намунаси бўлган бахшичилик санъатини асраш, ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Термиз шаҳрида Республика бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Нукус шаҳрида опера ва бахшичилик мактаб-интернати фаолият кўрсатмоқда. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида мазкур йўналишда олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда.
Бахшичилик санъатининг бадиий анъаналарини сақлаш мақсадида 10 та достон ва термаларнинг “Олтин фонди” яратилди.
Бу галги фестивал доирасидаги ялпи ва шўъба мажлисларида туркий дунё маданияти, Ўзбекистонда бахшичилик санъати ривожига оид муҳим ташаббуслар, таклифлар илгари сурилди, маҳорат дарслари ўтказилди.
Хива фестивалида бахшилар, оқинлар, мусиқашунослар ва фольклоршунослар ўз миллий санъат намуналарини намойиш этиб, туркий халқлар маданий меросининг бой ва бетакрор қирраларини дунёга кўрсатди.
Фестиваль доирасида ўтказилган танлов бўйича энг фаол иштирокчилар, бахшилар ва достончилар тақдирланди. Юртимиз ва хориждан ташриф буюрган санъат вакилларига махсус сертификатлар, фахрий ёрлиқлар ва совғалар топширилди.
IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали нафақат халқ ижодининг бебаҳо дурдоналарини саҳнага олиб чиқди, балки ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бахшичилик мактабини янги босқичга олиб чиқиш йўлида ҳам муҳим қадам бўлди.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон маданият вазири