Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Мачай қишлоғи пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган. Пастки ва Юқори Мачайга бўлинган ушбу гўша мафтункор табиати билан диққатга сазовор. Шунингдек, унга туташ Қизил навр ва Кентала қишлоқлари биргаликда ўзига хос бетакрор манзара касб этади. Табиат қўйнида сайр қилишни ёқтирувчилар учун бу манзил айни муддао.
Ушбу қишлоқлар аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланади. Шунингдек, бу жойлар хуштаъм олмаси билан машҳур. Деярли ҳар бир хонадон боғида олма дарахтлари парваришланади.
[gallery-23127]
Мачай, Қизил навр ва Кентала қишлоқларининг туристик салоҳияти юқори. Шу боис, сўнгги йилларда бу ерга дам олиш учун келаётган сайёҳлар сони ортмоқда. Аҳоли имкон қадар меҳмонлар учун шароит яратишга ҳаракат қилаётир. Аммо, бу етарли эмас. Ҳудуднинг туризм инфратузилмасини яхшилаш, яъни мавжуд йўлларни таъмирлаш, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари ва хизмат кўрсатиш объектлари қуриш, алоқа ва транспорт тизимини яхшилаш лозим. Ана шундагина ҳудуд маҳаллий аҳоли учун фаровонлик манбаи бўлиш билан бирга, мамлакатимизнинг жозибадор туристик масканларидан бирига айланади.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА