Ўзсаноатқурилишбанк раҳбар ходимлари Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди.
Тадбирлар давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида банклар олдига қўйилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Учрашувлар давомида тадбиркорликни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича олиб борилаётган сўнгги ислоҳотлар, соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни рағбатлантиришга қаратилган молиявий механизмлар, имтиёз ва преференциялар хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.

“Маҳалла банкири” тизимида олиб борилаётган ишлар ҳамда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури асосида ажратилаётган соддалаштирилган кредитлар ҳақида ҳам батафсил маълумот тақдим этилди.
– Бу йил одатдагидан кўра қизғин бошланди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг бизнес бўйича бош директори Темур Норов. – Президентимиз бошчилигида маҳалла банкирларининг “хонадонбай” ишлаб, ҳар бир оилага тайёр бизнес режалар таклиф этаётгани, лойиҳасининг ҳар бир босқичида – кредит олиш, бизнес очиш, маҳсулот сотиш жараёнларида ҳамроҳлик қилаётгани ҳудудларда иқтисодий фаолликни оширишнинг янги босчиқини бошлаб берди.
Учрашувда, шунингдек, банк маҳсулот ва хизматлари, банк амалиётларини онлайн бажаришга оид ечимлар тақдимот қилинди.
Очиқ мулоқотлар чоғида тадбиркорларнинг ўз фаолиятини кенгайтириш, замонавий ускуналар ва хом ашёлар харид қилиш, янги лойиҳалар учун кредит олиш каби масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.
Қатор масалалар жойида ҳал этилди, ўрганиш талаб этилган муаммолар эса, банк раҳбарияти назоратига олинди.
Банк ахборот хизмати