Жорий йилнинг 1-31 май кунлари Тошкентда “Engelberg Opera Festival” шаҳар фестивали бўлиб ўтади. Шу муносабат билан бугун пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида мазкур фестиваль концепцияси, тадбирлар дастури ва лойиҳа асосидаги ижодий ғоялар аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри етакчи солистлари ва оркестр артистлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, опера нафақат мусиқий ижро, балки драматургия, саҳна безаги, либослар дизайни каби кўп қиррали санъат турларини бирлаштиради. У инсон туйғулари, руҳий ҳолатлар ва тарихий воқеаларни чуқур ҳис эттириш хусусияти билан ажралиб туради. Шу жиҳатдан, опера ҳар қандай жамиятнинг эстетик тафаккурини бойитишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимизда бу санъатнинг жозибаси, аввало, унинг миллий ва жаҳон опера меросини бирлаштиргани билан катта мактабдир.
Мутахассислар таъкидлашича, кейинги йилларда мамлакатимизда опера санъатини ривожлантириш ва уни кенг оммага тарғиб қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бир ой давомида ўтказиладиган ушбу фестиваль ҳам бунга ёрқин мисолдир. Одатда фақат театр залларида тақдим этиладиган опера санъати энди кенг оммага, жамоат жойларида ижро этилиши билан эътиборни тортади. Бу эса классик санъатни янада оммалаштиришга, турли ёшдаги ва ижтимоий қатламдаги инсонларни опера билан таништиришга хизмат қилади.
[gallery-23115]
Мазкур театр оркестри раҳбари Азиз Ражабовнинг сўзларига кўра, “Engelberg Opera Festival” тадбирлари очиқ ҳавода ва кутилмаган жойларда ташкил этилиши билан аҳамиятли. У маҳаллий ва хорижий туристлар учун ҳам Тошкентни янада жозибали маданий марказ сифатида намоён қилади.
– Ўзбекистонда опера санъати юксак анъаналарга эга ва миллий маданиятнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Айниқса, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри бу соҳанинг флагмани сифатида нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон саҳнасининг нуфузли майдонларида ҳам ўз ўрнини эгалланган. Бу театрда юксак малакали, иқтидорли солистлар, дирижёрлар ва оркестр аъзолари фаолият юритади. Уларнинг ижросидаги классик ва замонавий опералар миллий ғурур манбаидир. Фестиваль ҳақида тўхталадиган бўлсам, бундан икки йил аввал Тошкент шаҳрида опера фестивали ўтказилган ва уни халқимиз катта қувонч ва илиқлик билан кутиб олган эди. Ўйлайманки, бу галги тадбир дастурини ҳам мухлислар кўтаринки руҳда кутиб олади. Негаки, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари йирик маданий воқеага гувоҳ бўлади. Боғлар, майдонлар ва жамоат жойларида концерт ва 30 дан ортиқ опера флешмоблар ташкил этилади, – деди А. Ражабов.
Матбуот анжуманида мазкур соҳанинг янада ривожланиши учун турли ижодий лойиҳалар, халқаро фестиваллар, очиқ саҳналардаги ижролар, таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дастурлар ҳам муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
– Айниқса, “Engelberg Opera Festival” каби лойиҳалар операни эл орасига олиб чиқиб, унинг жозибасини кенг оммага тараннум қилади. Фестивалдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу. Бир ойлик дастурлар тематикаси ранг-баранг ва улар бир-бирини такрорламайди. Яна бир жиҳати, унда томошабинлар қизиқиши инобатга олинади. Кимдир классик операни яхши кўрса, яна кимдир жаҳон санъати намуналаридан баҳраманд бўлишни истайди. Биз ана шу истаклар асосида халқимизга хизмат қиламиз. Солистларимиз барча опера асарларини жонли ижро қилади, – деди театр солисти Умид Исроилов.
Матбуот анжумани якунида мутахассислар журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА