Бугун, 1 май куни мамлакатимизда маҳалла раислари сайлови бошланди.
Ушбу муҳим сиёсий тадбир муносабати билан юртимиздаги 9 минг 452 та маҳаллада сайловларни юқори савияда ташкил этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилди.

Айтиш керакки, бугун жамиятимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида маҳаллалар ҳам фаол иштирокчи, энг яқин кўмакчига айланди. Одамлар дарду ташвишини ўрганиш, уларга ўз вақтида ва тўғри ечим топиш, хонадонларнинг аҳволини холис ва ҳаққоний таҳлил этиш маҳалла фаолиятига масъул бўлган фаоллардан катта билим, куч ва салоҳият, етакчилик қобилияти, одамлар билан самарали иш олиб бориш, уларнинг муаммоларини чуқур ва атрофлича ўрганиш, ташаббускорликни талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди. Барча соҳаларда “маҳаллабай” ишлаш усули кенг жорий этилди. Аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, оилаларда тинчлик-тотувлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этиш мақсадида “Маҳалла еттилиги” фаолияти кенг йўлга қўйилди.

Бу эса маҳалла раислари ваколати ва масъулиятини янада кенгайтиришда, маҳаллага оид барча ишларни юқори самара билан йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди.
Эндиликда илк бор сайловлар янгича демократик тамойиллар асосида, очиқлик ва ошкораликда, фуқароларимизнинг хоҳиш ва иродасини эркин ифода этиш принципларига хос тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фуқаролар йиғини раиси сайловлари бўйича ҳамюртларимизнинг хабардорлигини ошириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилгани эътиборга моликдир.
Буларнинг барчаси маҳалла раислигига энг муносиб номзодлар сайланишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА